15-Mart, 2023-yil

Конституциявий Қонун лойиҳасида тадбиркорликка оид ўзгаришлар

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси матни эълон қилинди.

Унда тадбиркорлик фаолияти эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити таъминланишига оид ўзгаришлар ҳам мавжуд. Жумладан:

65-модда.

Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

67-модда.

Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.

Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.

68-модда.

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 13.03.2023 йилдаги КСҚ-4-сонли қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение