28-Fevral, 2023-yil

Тадбиркорга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги асоссиз қарор ҳақиқий эмас деб топилди

Андижон вилоятида фаолият юритувчи “Business” МЧЖ (номи ўзгартирилган) фаолиятида ўтказилган текширув натижасидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Андижон вилояти ДСБ томонидан Жамият фаолиятида сайёр солиқ текшируви ўтказилган ва натижаси бўйича тадбиркорга нисбатан 1,2 миллиард сўмлик жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Таъкидлаш лозимки, текширув давомида солиқ органи ходимлари томонидан текширув билан боғлиқ ҳужжатлар тегишли тартибда тадбиркорга тақдим этилмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сонли қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-бандида текширувларни ўтказишда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Аввалироқ, ушбу ҳолат юзасидан Андижон туманлараро маъмурий судининг қарори билан ДСБ зиммасига солиқ текшируви давомида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар материалларини қонун талабларига асосан қайтадан кўриб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилган бўлсада, суд қарори ижроси таъминланмаган.

Шунга кўра, Андижон туманлараро маъмурий суди томонидан, юқоридаги ҳуқуқбузарликлар инобатга олган ҳолда, солиқ органининг Жамиятга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение