19-Dekabr, 2022-yil

Бизнес-омбудсман пахта тозалаш билан шуғулланувчи тадбиркор ҳуқуқларини ҳимоя қилди


Сирдарё вилоятида пахта тозалаш билан шуғулланувчи корхона раҳбари Мажбурий ижро бюроси Сирдарё туман бўлими ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Бюронинг Сирдарё тумани бўлими иш юритувида Жамиятнинг жами 8,5 млрд сўм миқдоридаги муддати ўтган солиқ ва бошқа ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлган.

Жамият томонидан ушбу қарздорликни ёпиш чоралари кўрила бошланган.

Бироқ, ижро ҳужжатларидаги қарздорликни ундириш мақсадида Бюронинг Сирдарё туман бўлими томонидан корхонанинг барча кўчмас мулк бино-иншоотларига нисбатан тақиқ қўйилган бўлиб, уруғлик чигит тайёрлаш цехи учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш имкони чекланган.

Жамиятнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қолган 6,5 млрд сўм қарздорлигини мажбурий ундиришга қаратиш мақсадида жами 56 млрд сўмлик барча объектларига нисбатан тақиқ қўйилиб, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 47-моддаси талаблари қўпол равишда бузилган.

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 47-моддасида қарздорнинг мол-мулкига, шу жумладан, нақд пул маблағларига ва банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар ва ижро харажатлари ҳисобга олинган ҳолда зарур бўлган миқдорда ва ҳажмда қаратилиши белгиланган бўлиб, юқоридаги буйруқ қонун талабига зид бўлиб қолган.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмаганлиги натижасида тадбиркорнинг ҳуқуқлари чекланган.

Бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси директори номига киритилган тақдимнома натижасида Жамиятнинг мол-мулкларга қўйилган тақиқ бекор қилиниб, тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение