Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Ишчиларни ёллаб, уларга маош
тўласам бўладими? Бунинг қонуний асоси қандай?
Жавоб:
Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик
фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасига кўра, якка
тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан
белгиланган тартибда ходимларни ёллашга ҳақли.
Ҳунармандчилик фаолиятини амалга
ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар товарлар тайёрлаш (ишлар бажариш,
хизматлар кўрсатиш) учун шогирдларни уларга тегишлича ҳақ тўлаган ҳолда жалб
этишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамасининг «Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни
давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш ҳамда солиқ солинадиган
даромадлар ва чегириладиган харажатлар ҳисобини юритишни тартибга солиш
чора-тадбирлари тўғрисида»ги 22.11.2021 йилдаги 707-сон Қарорига кўра, якка
тартибдаги тадбиркорларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фаолият турлари
бўйича беш нафаргача ходимларни ёллаши мумкин.
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан
ёлланган ходимлар электрон тартибда шахсий кабинет ёки мобил илова орқали
давлат солиқ органларида рўйхатга қўйилади.
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан меҳнат
дафтарчаси юритилмайди.
Якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат
муносабатларига киришган жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида
қаралмайди ва улар якка тартибдаги тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни
имзолаш ҳуқуқига эга эмас.
ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини
амалга оширадиган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан фаолият фақат битта
манзил бўйича шохобчада амалга оширилади.