10-Dekabr, 2022-yil

Бизнес-омбудсман кўмагида фермерга ноқонуний олиб қўйилган трактори қайтарилди


Жорий йил 17 ноябрда Kun.uz сайтида Қашқадарё вилояти Нишон туманида фермерлар Мажбурий ижро бюроси томонидан босим бўлаётгани, уларнинг номида бўлган техникалар ноқонуний равишда олиб кетилгани ҳақида маълум қилинганди.

Хусусан, “Samandar Nur” фермер хўжалигига қарашли қарийб бир миллиард сўмлик техника олиб кетилгани, техника банк кредити маблағига олинганлиги, ҳали тўлалигича фермернинг ихтиёрига ўтмагани таъкидланганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Қашқадарё вилояти Нишон туманида фаолият кўрсатувчи “Samandar Nur” фермер хўжалиги раҳбари А.Болтаевнинг мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси Нишон тумани бўлими томонидан солиқ органининг қарорларига асосан “Самандар нур” фермер хўжалигидан жами 35.053.979 сўм ундиришга оид 01.02.2022 йилдан 23.10.2022 йилга қадар 5 та ижро иши қўзғатиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Бироқ давлат ижрочилари томонидан қарздор ижро иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги қарорлар билан таништирилмаган ҳолда, гаровда турган ҳайдов трактори хатланиб, аукционда сотиш учун олиб кетилган.

Мурожаатда қайд этилган ҳолатлар бўйича давлат ижрочиларининг ҳаракатларида қонун бузилишлари мавжудлиги сабабли Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан Мажбурий ижро бюросига қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Шунингдек, А.Болтаев томонидан давлат ижрочиларининг ҳаракатларини ғайриқонуний деб топишга оид Қарши туманлараро маъмурий судига киритилган ариза юзасидан бўлган суд мажлисларида Вакил девони ходимлари иштирок қилиб, фермер хўжалигининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.

Суднинг 29.11.2022 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан фермер хўжалигининг аризаси қаноатлантирилиб, давлат ижрочиларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди ва тракторни чиқариб бериш мажбурияти юкланди.

Натижада, 07.12.2022 йилда трактор хатловдан чиқарилиб, А.Болтаевга топширилди ва унинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение