30-Noyabr, 2022-yil

Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш хартияси

Умумий қоидалар

Ўзбекистон Республикасининг ишбилармон доиралари мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, шунингдек, энг яхши халқаро стандартлар ва тамойилларни ҳисобга олган ҳолда, ўз вазифаларини бизнес муҳитида, савдо-сотиқда коррупцияни фош қилиш ва йўқ қилишда, мансаб ёки хизмат ваколатини суиистеъмол қилишнинг олдини олишда деб билишади.

Қулай ишбилармонлик муҳити ва жозибадор инвестиция муҳити яратиш мақсадида биз, Ўзбекистон Республикаси ишбилармонлари, қонунийлик, очиқлик ва ошкораликка асосланган коррупцияга қарши тамойилларни, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ҳамда хусусий сектор билан муносабатларда ҳам, коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш тизимини жорий этишни мақсад қилдик.

Ушбу Хартияга ихтиёрийлик асосида қўшилар эканмиз, биз коррупцияга нисбатан тоқатсизлик тамойилини қўллаб-қувватлаймиз, унинг намоён бўлиш шакли ва усулларидан қатъи назар, коррупциявий ҳаракатларни аниқлашга ёрдам берамиз ва буни амалга ошириш учун маънавий ҳамда ҳуқуқий жавобгарликни зиммамизга оламиз.

Хартия Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган барча хўжалик юритувчи субъектларига (кейинги ўринларда – корхона деб юритилади), шу жумладан уларнинг филиаллари, хорижий давлатлар ҳудудида ишлайдиган ваколатхоналарига нисбатан, уларнинг ҳуқуқий шакли, фаолият тури ва доираси, даромадлари ва ишчилар сонидан қатъий назар қўлланилади.

I. Корпоратив бошқарув

Корхоналар корпоратив бошқарув, коррупцияга қарши дастурлар ва коррупциянинг олдини олиш бўйича бошқа дастурларни амалиётга жорий этишмоқда.

Корхоналар ўз фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ва мавжуд бўлган коррупция хавфларидан келиб чиққан ҳолда коррупцияга қарши дастурларни ишлаб чиқмоқдалар.

Коррупцияга қарши кураш дастури қуйидаги тамойилларни аниқ белгилаб беради:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва бартараф этиш;

хавфларни баҳолаш тизимини жорий қилиш;

кадрларни коррупцияга қарши кураш бўйича ўқитиш;

шериклар, мижозлар билан муносабатларда бизнес этикасининг коррупцияга қарши стандартларини ўрнатиш;

тижорат порахўрлигининг олдини олиш;

хайрия қилиш, ҳомийлик қоидалари ва бошқалар.

 Корхоналар томонидан мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини шахсий манфаатлари йўлида суиистеъмол қилишларида намоён бўлувчи корпоратив коррупциянинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратади.

Корхона раҳбарияти масъулиятли хулқ - атвор намунасидир ва коррупциянинг ҳар қандай шакли ва усулларининг намоён бўлишига нисбатан мутлақо тоқатсизлик сиёсатига амал қилади.

Хавфларни бошқариш стратегияси ва коррупцияга қарши мувофиқлик дастурини амалга ошириш корхона раҳбариятининг қонунийлик, яхлитлик, ошкоралик ва профессионаллик тамойилларига асосланган ишбилармонлик маданиятини шакллантириш истагига асосланган.

Ушбу мажбурият коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш тизимини жорий этиш, шунингдек, корпоратив одоб-ахлоқ кодекси қабул қилиш шаклида намоён бўлади. Корпоратив одоб-ахлоқ кодекси қабул қилиниши раҳбариятнинг коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш тўғрисида қарор қабул қилганлигини кўрсатади.

Корхона раҳбарияти самарали ва тегишли хавфларни бошқариш тизимига асосланган корхонанинг коррупцияга қарши сиёсатини амалга ошириш учун жавобгар бўлган шахсларни белгилайди.

Ушбу шахслар ички назорат ва аудит органлари иштирокида коррупцияга қарши дастурларни амалга ошириш натижаларини кузатадилар ва баҳолайдилар. Коррупцияга қарши дастурларнинг натижалари корхона ижтимоий ҳисоботларида акс эттирилади.

Коррупцияга қарши ички дастурларни амалга ошириш доирасида корхоналар ваколатли давлат органлари ва улар аъзо бўлган саноат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

II. Меҳнат жамоаларида коррупцияга қарши кураш чора-тадбирларини жорий қилиш

Корхоналар ходимларини коррупциянинг олдини олиш ва коррупцияга қарши ички дастурларни амалга оширишга жалб қилиш учун интизомий қоидаларни ишлаб чиқадилар.

Коррупцияга қарши чора-тадбирлар корхона фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан ходимларни бошқариш тартибида, хусусан корхонанинг барча ходимларини ёллаш ва тайинлаш пайтида амалга оширилади.

Корхоналар ўз ходимларининг хизмат вазифаларини ҳисобга олган ҳолда коррупцияга қарши курашиш асослари бўйича ўқитилишини таъминлайдилар, шунингдек, бевосита коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларда (лавозимларда) ишлайдиган ходимлар учун қўшимча таълим дастурларини ишлаб чиқади ва ўқитиш чораларини кўрадилар.

Корхоналарда иш берувчиларни коррупциявий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва ходимларни коррупциявий ҳаракатлар содир қилишга ундаш тўғрисида хабардор қилиш тизими ишлаб чиқилади.

Ходимларга коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш имкониятини берувчи алоқа каналлари ва шакллари, уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари тақдим этилади.

Корхона раҳбарияти коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган, шунингдек, унда иштирок этишдан бош тортган ходимлар ҳақидаги маълумотларни сир сақланиши (қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ҳамда коррупциянинг эҳтимолий ёки тасдиқланган ҳолатлари тўғрисида олинган маълумотлар хабар берувчининг мартаба истиқболига зиён етказмаслигини, шу жумладан, уларга нисбатан тазйиқ, камситиш, босим ўтказиш ёки бошқа интизомий чоралар кўрилмаслигини кафолатлайди.

Коррупциявий ҳаракатларни содир этишда иштирок этган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилади, ушбу маълумотлар тасдиқланган тақдирда, кейинчалик мазкур ходимларнинг корхонада ишлашига йўл қўйилмайди.

III. Ҳамкорлар, контрагентлар ва мижозлар билан ўзаро муносабатлар

Корхоналар ҳамкорлар, контрагентлар, давлат органлари ва бошқа учинчи томонлар билан ўзаро муносабатларни коррупцияга қарши кураш тамойилларига мувофиқ олиб борадилар.

Корхоналар барча манфаатдор томонларни ўзларининг коррупцияга қарши сиёсати тўғрисида хабардор қилиш чораларини кўрадилар.

Шартномавий муносабатларини ўрнатишда коррупцияга қарши дастурларнинг мавжудлиги муҳим омил ҳисобланади. Зарур ҳолларда, корхоналар ўз ҳамкорлари, пудратчилари ва буюртмачиларига самарали коррупцияга қарши тамойилларни қўллаш ҳақидаги ёзма ишончномани тақдим этадилар ҳамда мазкур тамойилларни бузилиши ҳолатлари улар билан ҳамкорликни тугатиш учун асос сифатида кўрилиши мумкин.

Корхоналар соғлом рақобатни чекловчи хатти-ҳаракатлардан фойдаланишга, шахсан ёки воситачилар орқали бошқа корхона мансабдор шахсига, ишчисига ёки раҳбарига коррупцияга қарши ўрнатилган мажбуриятларини бузадиган хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги учун ноқонуний имтиёзлар ёхуд устунликларни топшириш ва олишга йўл қўймайдилар.

Агар ҳамкорлар, контрагентлар ва буюртмачиларнинг фаолиятида коррупциявий хатти-ҳаракатлар аниқланган тақдирда, корхоналар коррупция фактлари тўғрисида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берадилар.

IV. Одил судлов ва қонунийликни таъминлашда ўзаро ҳамкорлик

Корхоналар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга коррупцияга қарши курашда объектив текширувлар ҳамда қонунчиликка мувофиқ амалга оширадиган бошқа вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш орқали ёрдам беришади.

Корхона манфаатлари йўлида давлат органларининг мансабдор шахсларига уларнинг хизмат мажбуриятларига зид бўлган ҳаракатлар учун устунликлар, имтиёзлар, таклифлар ва ваъдаларни беришга қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этишга йўл қўйилмайди.

Корхоналар коррупциявий йўллар билан топилган мулкларни сотиб олиш, фойдаланиш, яшириш ва сотишда иштирок этмайдилар.

Корхоналар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўзларига маълум бўлган барча коррупциявий ҳолатлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш орқали, коррупцияни содир этилишига олиб келадиган шарт-шароитларни аниқлаш ва йўқ қилишда ёрдам берадилар.

V. Харид қилиш тартиб - таомиллари

Корхоналар харидларни қонунийлик, асосланганлик, очиқлик ва шаффофлик, соғлом рақобат ва холислик, коррупцияга йўл қўймаслик тамойиллари асосида амалга оширадилар. Ушбу тамойиллар харид жараёнининг барча босқичларида қўлланилади.

Корхоналар давлат харидларида манфаатлар тўқнашувининг бартараф этилиши устидан ички назорат учун масъул шахсни белгилайдилар.

Корхоналар товарларни ёки хизматларни ишлаб чиқарувчилар ёхуд расмий вакиллардан сотиб олиш мумкин бўлса, ушбу товарлар ва хизматларни воситачилардан сотиб олишни истисно қиладилар.

Корхоналар иштирокидаги давлат харидларида адолатсиз рақобат ва манфаатлар тўқнашувига, шу жумладан, давлат хизматчилари, нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилотининг мансабдор шахсини пора эвазига ўзига оғдиришга йўл қўйилмайди.

Корхоналарнинг товар ёки молия бозорида ўзаро рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан потенциал рақобатчилар бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар

ва келишувлар содир этишга йўл қўйилмайди.

Корхоналар давлат харидлари жараёнида фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар топган тақдирда ўз вақтида ваколатли органни хабардор қилади.

Корхоналар бошқа тараф томонидан давлат харидига оид тартиб- таомилларини бузилиши ҳолатлари бўйича эътироз билдириш, шикоят қилиш ва ҳуқуқий ҳимоянинг бошқа шаклларидан фойланилаш (қўллаш) имконига эга бўлади.

VI. Алоқа сиёсати

Нотўғри ва ноқонуний ички ҳамда ташқи сўровларнинг олдини олиш учун корхоналар ўзларининг тузилиши ва фаолият доирасига мос келувчи ички ҳамда ташқи алоқа сиёсатини қабул қиладилар.

Корхоналар ўзларининг барча ходимларини ва ташқи ҳамкорларини коррупциянинг олдини олиш ва аниқлаш бўйича олиб бораётган сиёсати, шунингдек, мувофиқлик дастурининг асосий йўналишлари тўғрисида хабардор қиладилар.

VII. Ички интизом бузилиши тўғрисида хабар бериш тизими

Ички интизом бузилиши тўғрисида хабар бериш тизими коррупцияга қарши ахлоқ кодексининг бир қисмидир. Тизим ходимлардан кодексга мувофиқ келмайдиган ва ўзида коррупциявий хатти-ҳаракатларни ифодаловчи хулқ- атвор ёки ҳолатлар тўғрисида маълумот тўплайди.

Ички тизим корхоналари томонидан ходимларга потенциал номувофиқ хатти-ҳаракатлар ёки коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имкониятини бериш мақсадида жорий қилинади.

Ички интизом бузилиши тўғрисида хабар бериш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

- корхонанинг коррупцияга қарши сиёсати бўйича ходимларни йўналтирадиган ва маслаҳат берадиган масъул шахснинг роли ва вазифалари;

ариза берувчиларнинг анонимлигини, тақдим этилган маълумотлар ва уларда кўрсатилган шахсларнинг сир сақланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар;ариза берувчи билан боғланиш тартиби; ариза берувчи ҳамда зарур ҳолларда иши кўриб чиқилган шахсларга ишни кўриб чиқиш жараёнининг тамомланганлиги тўғрисида хабар бериш бўйича чора-тадбирлар; ариза берувчини ва коррупцияни аниқлашда иштирок этган шахсларни аниқлашда фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар;

аноним аризачилар иштирокида аноним хабарларни қайта ишлаш чоралари.

 Аниқланган коррупция ҳолатлари хатти-ҳаракатлари кейинчалик корхона хавфларини хариталашда ишлатилиши мумкин.

VIII. Коррупция хавф-хатарларини хариталаш

Корхоналар коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш, уларни ҳуқуқий, иқтисодий ва молиявий оқибатлардан ҳимоя қилиш учун хавфларни хариталаш усулидан фойдаланадилар.

Коррупция хавф-хатарларини хариталаш корхонада юзага келиши мумкин бўлган коррупция хавфини объектив, таркибий ва ҳужжатлаштирилган таҳлили орқали амалга оширилади.

Коррупция хатарларини хариталаш корхонанинг коррупцияга қарши курашиш дастурининг самарадорлигини ва мувофиқлигини таъминлаш учун коррупция хавфини аниқлаш ва йўқ қилишни баҳолайди ва устуворлик беради.

IX. Ички назорат ва бухгалтерия ҳисоби

Ички назорат - бухгалтерия ҳисобини юритишда, молиявий ва бошқа ҳисоботларни тузишда хўжалик операцияларини амалга оширишнинг қонунийлигини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини, активларнинг бут сақланишини таъминлаш, талон-торож қилиш ҳоллари ва хатоликларнинг олдини олиш ҳамда аниқлаш мақсадида бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари томонидан қабул қилинган ҳисоб сиёсати асосида ташкил этилган чора-тадбирлар тизими.

Корхоналар ички назоратни ташкил қилади ва амалга оширади.

Бухгалтерия ҳисоби - барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлар асосида ҳисобга олиш йўли билан бухгалтерия ахборотини йиғиш, қайд этиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизими, шунингдек, унинг асосида молиявий ва бошқа ҳисоботни тузишдир.

Ички назорат ва бухгалтерия ҳисоби тадбирлари корхоналарга коррупция ва бошқа хатарларни бошқаришда ёрдам берадиган муҳим ҳимоя ҳисобланади.

Корхона ўзининг молиявий операцияларини тўғри юритиши ва тегишли тартибда расмийлаштирилишини назорат қилиб, қуйидаги ҳаракатларни юз беришига йўл қўймайди:

норасмий ҳисоботни шакллантириш;

ҳисобга олинмаган ёки амалдаги қонунчилик билан тақиқланган операцияларни ўтказиш;

мавжуд бўлмаган ҳаражатлар ҳисобини юритиш;

бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни қонунчиликда назарда тутилган муддатдан илгари қасддан йўқ қилиш.

 X. Коррупцияга қарши ахлоқ кодекси

Коррупцияга қарши ахлоқ кодекси корхонанинг коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш бўйича мажбуриятни олишга тайёрлигини тасдиқлайди.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодексининг матни турли хил изоҳлаш имкониятини истисно этган ҳолда қисқа, содда ва тушунарли тилда тақдим этилади. Эскирган, кўп маъноли сўзлар ва ибораларни, мажозий таққослашларни, эпитетларни, метафораларни ишлатилишга йўл қўйилмайди.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодекси корхона раҳбарияти ташаббуси билан амалга оширилади.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодекси коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш бўйича корхонанинг асосий принциплари, чоралари ва мажбуриятларини белгилайди.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодексининг қоидалари ходимларнинг корхона хўжалик фаолиятида дуч келиши мумкин бўлган турли

хатти-ҳаракатларга тегишли.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодекси корхона ва унинг ходимларининг тақиқланган ҳамда коррупция белгилари пайдо бўлишига имкон берадиган хатти-ҳаракатларни аниқлайди.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодекси хавфларни хариталашга асосланган коррупцияга қарши чораларни, шунингдек коррупциянинг юқори хавфли вазиятларини бошқариш учун зарур бўлган ҳаракатларни батафсил кўрсатадиган ички корпоратив кўрсатмаларга мурожаат қилиши мумкин.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодексида коррупциянинг шакллари ва усулларини, жумладан қимматбаҳо совғалар бериш, ёрдам ва лоббилар учун тўловларни амалга ошириш, ҳомийлик, манфаатлар тўқнашуви ва бошқалар белгилаб қўйилади.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодексида корхонанинг коррупцияга қарши курашдаги мажбуриятлари ва принципларига зид бўлган ҳаракатлар учун интизомий чоралар кўзда тутилади.

Коррупцияга қарши ахлоқ кодекси, ходимларни коррупция ҳолатлари ёки ҳолатлар тўғрисида хабардор қилишнинг ички тизимини ҳам белгилайди.

XI. Хартияга қўшилиш ва амалга ошириш

Хартия Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган барча хўжалик юритувчи субъектларига, шу жумладан уларнинг филиаллари, хорижий давлатлар ҳудудида ишлайдиган ваколатхоналарига нисбатан, уларнинг ҳуқуқий шакли, фаолият тури ва доираси, даромадлари ва ишчилар сонидан қатъий назар, қўшилиш учун очиқ.

Корхоналар хартияга қўшилганидан кейин унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.

Хартияга қўшилиш учун корхоналар хартияга қўшилиш тўғрисидаги билдиришномани Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига юборадилар.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хартия аъзоларининг ягона реестрини юритади ва палатанинг расмий веб-сайтида очиқ тарзда эълон қилиб боради.

Корхоналар томонидан ушбу хартия қоидаларининг бажарилишини назорат қилиш мақсадида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Комиссия тузилади, унинг таркибига тадбиркорлик субъектларининг бирлашмалари ҳам кириши мумкин. Комиссия:

- хартия қоидаларини бажариш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

- хартия қоидаларининг бажарилишини назорат қилади;

- корхоналар томонидан ушбу хартия қоидаларининг бажарилиши устидан мониторинг натижалари тўғрисида ахборот эълон қилади;

- мониторинг натижалари асосида хартия қоидаларини муваффақиятли бажараётган корхоналар рейтингини эълон қилади;

- хартия иштирокчиларига уларнинг хартия қоидаларини бажарганликлари тўғрисида гувоҳнома бериш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хартия аъзоларининг аъзолигини тўхтатиб туриш тўғрисида (бир йил муддатга) ёки ушбу хартия қоидаларини бузган хўжалик юритувчи субъектларни реестрдан бутунлай чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Корхоналарнинг хартия қоидаларини бажариш билан боғлиқ масалалари очиқлик ва ошкоралик принциялари асосида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан кўриб чиқилишига розилик билдирамиз.

XII. Якуний қоидалар

Ушбу Коррупцияга қарши Хартияни имзолаб, биз коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида ушбу Хартия қоидаларини изчил бажаришга ва уларга риоя қилишга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

Ушбу Хартиянинг қоидалари ва тамойиллари мулкчилик шаклидан, ҳажми, фаолият тури ва доираси, фаолият кўрсатиш манзилидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектларига тенг равишда қўлланилади.

Хўжалик юритувчи субъектлари ушбу Хартия тамойилларини ҳамкорлар, контрагентлар ва мижозлар ўртасидаги муносабатларда ҳам, давлат органлари билан муносабатларда ҳам қўллашга тайёр эканликларини билдирадилар.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение