Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи “Alfa” МЧЖ (номи
ўзгартирилган) шартнома бўйича тўловларни давлат идорасидан ундиришда
қийинчиликларга дуч келиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Хусусан, Жамият ва
Давлатобод туман мактабгача таълим бўлими ўртасида таъмирлаш ишларини амалга
ошириш тўғрисида шартнома тузилган.
Жамият томонидан барча ишлар бажарилганлигига қарамасдан, белгиланган тўловлар амалга
оширилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон
Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий
базаси тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, тарафлардан бири шартнома
мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда бу тараф
бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди.
Бизнес-омбудсман томонидан Наманган туманлараро иқтисодий судига
киритилган даъво аризаси натижасида Давлатобод туман Мактабгача таълим бўлими
ҳисобидан Жамият фойдасига 47,5 миллион сўмлик қарздорликни ундириш
белгиланди.