“Sharq” МЧЖ (номи ўзгартирилган) мулкий
ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Самарқанд туман ҳокимининг қарори
билан “Sharq” МЧЖга интенсив токзорлар барпо этиш учун 104,6 гектар ер майдони
ажратиб берилган. Кейинчалик “Sharq” МЧЖнинг фаолиятида текширув ўтказилиб,
Жамият мазкур ер майдонидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиб келинганлиги
тўғрисида Кадастр агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва Агросаноат
мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси
мутахассилари томонидан далолатнома
тузилган. Натижада ер майдони мазкур далолатнома асосида ҳоким қарори билан ер
заҳира фондига қайтарилди.
Таъкидлаш жоизки, тузилган далолатномага кўра,
текшириш жараёнида “Sharq” МЧЖ раҳбари иштирок этган деб қайд этилган бўлсада,
далолатномада унинг имзоси мавжуд эмаслиги аниқланди.
Кейинчалик маълум бўлишича, мазкур текширув
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан олинмаганлиги ва
Бизнес-омбудсманни хабардор этмасдан ўтказилган. Шунингдек, Бизнес-омбудсманнинг
ҳаракати натижасида текширув ўтказган мутахассислар Б.Р. ва С.У. илгари тадбиркорлик
субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузганликлари учун маъмурий
жавобгарликка тортилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан
тадбиркор манфаатида Олий судига киритилган кассация шикояти натижасида,
ҳокимнинг “Sharq” МЧЖга тегишли ер майдонини ер заҳира фондига қайтариш
тўғрисидаги қарори амалдаги қонун
талабларига жавоб бермаслиги таъкидланиб, қарор ҳақиқий эмас деб топилди.