4-Mart, 2021-yil

Тадбиркорлар фаолиятини ноқонуний текширган мансабдор шахслар жаримага тортилди

Бугунги кунда мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг эмин-эркин фаолият юритишларини таъминлаш, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини, ноқонуний текширишлар ўтказилишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2019 йилнинг 1 апрелидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Тадбиркорлик субъекти фаолияти юзасидан ўтказиладиган ноқонуний текширув ва текширишда белгиланган қатъий талабларга амал қилмаслик ҳолатлари тадбиркорнинг интилиши, эркин иш олиб бориши, ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бизнес-омбудсман томонидан доимий равишда мониторинг ўтказилади. Мониторинглардан бирининг натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда-Инспекция) Андижон вилояти бошқармаси ва туман-шаҳар бўлимлари инспекторлари томонидан тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текширишлар ўтказиш ҳолатлари аниқланди.  

Хусусан, Андижон вилояти бошқармасининг ходимлари томонидан Улуғнор туманидаги “Ҳошимжон оиласи” ва “Қоракалтак” фермер хўжаликларида текшириш бўйича тегишли буйруғи чиқарилмаган ҳолда ноқонуний текшириш ўтказилган. Ўрганишлар натижасида инспекциянинг жами 16 нафар инспектори томонидан ана шу каби ноқонуний текширишлар ўтказилганлиги маълум бўлди.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддасига асосан Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текширишлар ўтказган Инспекция ходимларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди.

Суд қарори билан юқорида айтиб ўтилган текширишлар ноқонуний деб топилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима солинди.

Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича қулай шароит яратиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаат ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга барча назорат қилувчи органлар яқиндан ёрдам бериши муҳимдир.  

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение