9-Sentabr, 2023-yil

Бизнес-омбудсман тадбиркор манфаатини одил судларда ҳимоя қилди

    Ойбек (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Аниқланишича, транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этишни ният қилган тадбиркор билан “Ипотекабанк” АТИБ Жиззах вилояти филиали ўртасида 2 дона тягач русумли янги махсус техника ва 1 дона эски ярим тиркама сотиб олиш тўғрисида кредит шартномаси тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.06.2022 йилдаги ПФ-150-сонли Фармонига кўра, Жамғарма томонидан кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача компенсация тақдим этилиши белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 428-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги Низомнинг 10-бандида, илгари фойдаланишда бўлган юк автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва таъмирлаш учун ажратиладиган кредит лойиҳалари бўйича компенсация тақдим қилинмаслиги белгиланган.

Шу боис, мазкур кредит шартномаси юзасидан 2 дона тягач русумли янги махсус техника кредит фоизининг 4,5 фоизини қоплаш бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига буюртманома юборилган.

Бироқ, Жамғарма компенсация беришни рад этишда ажратилиши режалаштирилган кредит миқдори билан банк томонидан компенсация қилиб берилиши сўралган суммада тафовут бор деган тўхтамга асоссиз равишда келиб, компенсация беришни ғайриқонуний равишда рад этган.

Бунинг натижасида жамият етказиб берувчи билан имзолаган олди-сотди шартномасида кўрсатилган 3 календар кунда тўловларни тўлиқ тўлаб бериш мажбуриятини бажариш ва шартнома бекор бўлишини олдини олиш мақсадида Жамғарма устидан юқори турувчи орган ёки судга мурожаат қилмасдан туриб кредит шартномасини расмийлаштиришга мажбур бўлган.

Бизнес-омбудсман вазиятни яхшилаб ўргангач, банк томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 428-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ кредит ажратилишидан аввал мурожаат қилинганлиги, бироқ Жамғарма томонидан асоссиз рад этилганлиги сабабли тадбиркорнинг манфаатида компенсация бериш мажбуриятини Жамғармага юклатиш юзасидан судга шикоят билан мурожаат қилган.

Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган. Бизнес-омбудсманнинг тадбиркор манфаатида билдирган важлари Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий cуди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида хам асосли деб топилиб,  биринчи инстанция қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение