Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси “Марказий Осиёда бизнес яхлитлиги ва хусусий секторнинг мувофиқлигини ошириш” мавзусидаги минтақавий семинарда иштирок этиш учун Франциянинг Страсбург шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Халқаро даражадаги нуфузли тадбирда Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов бошчилигида вакил девони ходимлари ҳам иштирок этмоқда.
Тадбирдан кўзланган мақсад бизнес яхлитлиги, корпоратив мувофиқлик ва коррупцияга қарши нормалар тўғрисида хабардорликни ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш ҳисобланади.
Маълумот учун: Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг “Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастури 2019 йил 27-28 ноябрь кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари иштирокида расмий ишга туширилди.
Дастур Марказий Осиёда халқаро стандартларга мос инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократияни мустаҳкамлашга йўналтирилган.