“Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–322-сон, 31.10.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, тижорат банклари томонидан озуқабоп ва мойли экинларни етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоиз ставкада 12 ой муддатга имтиёзли кредитлар ажратилади.
2025 йил 1 ноябрдан 2030 йил 31 декабргача “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан белгиланган йўналиш ва шартлар бўйича тадбиркорларга қуйидагилар қоплаб берилади:
Марказий банк асосий ставкасининг 2 баробаридан ошмаган миқдорда миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз банддан юқори, бироқ 10 фоиз бандгача бўлган қисми;
хорижий валютада ажратиладиган кредитларнинг 8 фоиздан юқори, бироқ 4 фоиз бандгача бўлган қисми.
2026 йил 1 январдан озуқабоп ва мойли экинларни етиштирувчи субъектларга маҳсулот етиштиришда суғориш тадбирлари учун ўз балансидаги насос агрегатлари сарфлайдиган электр энергияси харажатларининг 50 фоиз қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Қарорга кўра, чорвачилик хўжаликларига хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия ажратиш тартибининг амал қилиш муддати 2030 йил 31 декабргача узайтирилади.
Наслдор 1 кунлик жўжалар импорти учун белгиланган субсидия 2026 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан гўшт йўналишида ушбу наслдор бир кунлик жўжалар харид қилинганда ажратилади.
2026 йил 1 январдан 2027 йил якунига қадар тирик йирик шохли қорамол (ТИФ ТН бўйича коди 0102) ва тирик қўй ва эчкиларни (ТИФ ТН бўйича коди 0104) импорт қилишда:
ҳисобланган ҚҚСни 180 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади;
тўланган ҚҚСнинг ўрнини қоплаш (қайтариб бериш) қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
2026 йил 1 январдан:
ветеринария рухсатномаси ва сертификати 2 баравар қисқартирилган муддатда кўриб чиқилади.
чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга озуқабоп экинларни етиштириш учун электрон онлайн аукцион савдолари орқали ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини сотиб олиш тўловларини 5 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.