Туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан давлат хизматлари билан боғлиқ қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилишида:
- Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш;
- бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш;
- ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича мурожаатларнинг кеч кўриб чиқилиши ёки умуман кўрмай қолдирилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Ҳолат ўрганилганда аниқланишича, амалиётда юборилган мурожаатларни кўриб чиқишда биноларнинг кадастр ҳужжатлари Давлат кадастрлари палатаси филиаллари томонидан бириктирилгандан сўнг, қурилиш бўлимлари томонидан амалиёт бажариш бошланади.
Бироқ, Маъмурий регламентларда Давлат кадастрлари палатаси филиалларининг мурожаатларни кўриб чиқиш муддати белгиланмаганлиги, мурожаатларнинг кеч кўриб чиқилишига ва бунинг оқибатида тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман девони томонидан мутасадди ташкилотлар билан биргаликда назоратга олинди ва маъмурий регламентларда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини аниқ белгилаш бўйича тегишли ўзгартиришлар киритилиши таъминланади.
Шу ўринда, регламентларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар Давлат кадастрлари палатаси вакилларидан бино ва иншоотларини ўзгартириш билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушганда тезкорлик билан кўриб чиқилишини таъминлаш сўралади.
Ҳурматли тадбиркорлар, фаолиятингизда Сизнинг ҳуқуқларингиз ҳимоя қилиниши зарур бўлган муаммоларга дуч келсангиз, Бизнес-омбудсман девони томонидан ташкил этилган Телеграм гуруҳи (https://t.me/biznesombudsmangamurojaat) ёки 1100 қисқа рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.