
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “Пластик материаллар” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари ижро иши қўзғатилмаётгани ва қарздорлик ундириб берилмаётганидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Ғузор туманлараро иқтисодий судининг қарорига кўра, қарздор ташкилотдан "Пластик материаллар" МЧЖ фойдасига 52 миллион сўм қарз ундирилиши керак эди. Бироқ, Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Ғузор тумани бўлими бу ижро ҳужжатини қўзғатишдан бош тортган.
Бизнес-омбудсманнинг аралашуви билан ушбу ижро иши ниҳоят бошланди ва қарздорнинг банк ҳисоб рақамларига хатлов қўйилди. Натижада, қарздорлик тўлиқ ундирилиб, маблағ тадбиркорга ўтказиб берилди.
Шунингдек, масъулиятсизлиги учун МИБнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ходими интизомий жавобгарликка тортилди.