8-Avgust, 2023-yil

Давлат молиявий назорат бошқармасининг 13 нафар мансабдор шахси жавобгарликка тортилди

Тадбиркор фаолиятида ўтказилган текширишлар алоҳида назоратда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарори билан тасдиқланган “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳақидаги буйруқ қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши, текшириш дастур асосида амалга оширилиши ва текшириш давомида тадбиркорлик субъекти раҳбарига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлар тушунтирилиши қатъий белгиланган.

Мазкур талабларга риоя қилмаган назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари тегишли жавобгарликка тортилиши мустаҳкамланган.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширишлар доимий таҳлил қилиб борилмоқда.

Ана шундай таҳлил натижаларига кўра, Наманган вилояти Давлат молиявий назорат бошқармаси томонидан ўтказилган текширишлар давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган.

Жумладан, Наманган вилояти Давлат молиявий назорат бошқармаси мансабдор шахслари томонидан “Standart” МЧЖ (номи ўзгартирилган) фаолиятида текшириш ўтказилган.

Буни қарангки, текшириш “Standart” МЧЖ фаолиятини текширишга оид бўлмаган буйруқ асосида ўтказилиб, текшириш дастурисиз амалга оширилган ҳамда тадбиркорга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари тушунтирилмасдан амалдаги норматив ҳужжатлар талаблари бузилган.

Шу каби ҳолатлар Наманган вилояти Давлат молиявий назорат бошқармаси мансабдор шахслари томонидан 30 га яқин тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширишларда ҳам такрорланган.

Мазкур қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан Наманган вилояти Давлат молиявий назорат бошқармасининг 13 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2412-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение