26-Yanvar, 2021-yil

Ноқонуний текширувлар ўтказган мансабдор шахслар жазоланди

“Ҳукуматнинг бизнесга “ёрдами” худди ҳукумат таъқиблари сингари зарарли....ҳукуматнинг миллий фаровонликка хизмат қилишнинг ягона усули-бу аралашмаслик”

Айн Рэнд, америкали ёзувчи ва файласуф.

Дарҳақиқат, тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик, уларга эркинлик бериш орқали ишбилармон муҳитига давлат катта кўмак кўрсатади. Қатъий қоидалар ва талаблар тадбиркорларни ўз бизнесини ривожлантиришдан чалғитади ва натижада давлатга нисбатан ишончсизлик юзага келади.  

Тадбиркорликни ривожлантириш учун аввало содда ва самарали қонунчилик базасини яратиш зарур. Шулар билан билан бир қаторда, давлат органларининг роли ҳам муҳимдир, яъни яратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя этиш ва ваколатни суистеъмол қилмасликдир.

Ваколатнинг суистеъмол қилиш ҳолатларидан кўп учраб турадиганидан бири бу тадбиркорларнинг фаолиятида ўтказиладиган текширувлар. Айнан шу сабабли, ушбу текширувларни қонунийлигини устидан назорат қилиш мақсдадида Бизнес-омбудсманга тегишли мониторинг олиб бориш ваколати берилган. 

Мисол тариқасида, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ва Кадастр идораси ходимлари томонидан ўтказилган қўшма текширувларни келтирса бўлади.

Мазкур текширувлар Тошкент вилоятида фаолият олиб борувчи “N” МЧЖ (номи ўзгартирилган) фаолиятида ўтказилиб, текширувлар якуни бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан суд орқали жарима жазоси тайинланганлиги маълум бўлган.

Мониторинг жараёнида, Бизнес-омбудсман томонидан юқоридаги текширувлар электрон рўйхатга олиш ягона тизимга киритилмасдан ҳамда текшириш ўтказиш ҳуқуқи берилмаган ходимлар томонидан ноқонуний равишда ўтказилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциянинг масъул ходимлари томонидан ўтказилган текширувлар ноқонуний деб топилди. Шу билан бирга, текширувларда иштирок этган Кадастр агентлигининг 9 нафар мансабдор шахсларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Хулоса қилиб айтганда, ваколатга эга бўлиш бу биринчи навбатда катта масуълиятдир ва ундан фойдаланиш бизнес муҳитига зарар етказишга эмас, балки уни ривожланишига хизмат қилиши керак. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение