20-Yanvar, 2021-yil

Ноқонуний текширувда аниқланган ҳолатлар далил сифатида ишлатилиши мумкинми?

Айрим назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказишни ўз мақсади деб билади, аммо текширув ўтказиш тартибини ўрганишни ва унга риоя қилишни унутишади.

Кўп ҳолатларда назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари процессуал амалиётни четка сурган ҳолда қандай қилиб бўлса ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашга ҳаракат қилишади.

Шунга қарамай, назорат қилувчи орган томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик текширув натижаларини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.

Айтайлик, назорат қилувчи органнинг ҳодими тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқсиз текширган ва ушбу текширув давомида тадбиркор ўз хатти-ҳаракатлари билан бир неча миллион сўм миқдорида зара етказганлиги аниқланди. Тегишли материалларни йиғиб, ушбу мансабдор шахс зарарни ундириш учун иқтисодий судга мурожаат қилади.

Бу ҳолатда давлатга зарар келтирган тадбиркор қанчалик ноҳақ бўлиб кўринмасин, далиллар қанчалик асосли ва тўғри бўлиб кўринмасин суд назорат органи берган материалларни кўриб чиқмаслиги мумкин.

Чунки Иқтисодий процессуал кодексининг 66-моддасида қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
2012 йил 14 сентябрдаги 12/239-сон Қарори 7-банди талабига кўра, текшириш қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлмасдан ўтказилган ҳолда, у ноқонуний ҳисобланиши ва ФПК 71-моддасининг иккинчи қисми,
ИПК 66-моддасининг иккинчи қисми ва МСИЮтК 65-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ текшириш натижасида олинган маълумотлар далил сифатида қабул қилинмаслиги белгиланган.

Шунинг учун назорат органининг оддий ходимининг оддий процессуал хатолиги назорат органига ҳам, давлатга ҳам, халқга ҳам оғир тушиши мумкин.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение