15-Aprel, 2023-yil

Бизнес-омбудсман аралашувидан кейин ойлаб сарсон бўлган тадбиркорнинг масаласи ижобий ҳал этилди

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Зафар” (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси раҳбари Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази масъулларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, 2021 йил 3 март куни корхона билан марказ ўртасида мактаб ҳудудидаги бўш турган бинони ижарага олиш бўйича уч томонлама шартнома тузилган.

2022 йил 6 майда қўшимча келишув тузилиб, шартнома муддати 3 йилга узайтирилган.

Шартномада тадбиркор бинодан фойдаланганлиги учун марказга амалдаги ижара ставкаларини белгиланган муддатларда ва миқдорларда тўлаши ҳамда шартнома бўйича тўлов марказда хисобга олинган кундан бошлаб 10 банк иш куни ичида, кейинги тўловлар ҳар ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан тўланиши белгиланган.

Шунга қарамай, марказ томонидан 2023 йилга белгиланган ижара ставкалари кўрсатилган шартноманинг 3-иловаси аниқ сабабларсиз тадбиркорга тақдим этилмасдан келинган. Ушбу ҳолат бўйича корхона раҳбари бир неча бор мурожаат қилганида, марказ ходимлари томонидан шартнома ноқонуний узайтирилганлиги ва Президентнинг 01.07.2020 йилдаги ПҚ-4771-сонли қарори 5-банди 13-хатбошига асосан мактаб ҳудудидаги бўш турган бино электрон савдога чиқарилиши маълум қилинган.

Лекин ушбу қарорда амал қилиш муддати тугаган электрон савдолар орқали расмийлаштирилмаган шартномаларнинг муддатлари келгуси давр учун узайтирилмаслиги ва ушбу шартномалар бўйича тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган давлат мулклари, балансда сақловчиларнинг розилиги талаб қилинмасдан 2022 йил 1 июлдан бошлаб электрон савдоларга чиқарилиши кўрсатилган.

Ваҳоланки, 2022 йил 6 майда тузилган қўшимча келишувга асосан шартнома муддати узайтирилганлиги ва ПҚ-4771-сонли қарор амалдаги шартномадан келиб чиқадиган муносабатларга таъсир кўрсатмаслиги инобатга олинмаган. Натижада, марказ ходимларининг ноқонуний хатти-харакатлари тадбиркор ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлган.

Бизнес-омбудсман аралашувидан кейин корхона раҳбарининг мурожаатида кўрсатилган масала ижобий ҳал этилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение