12-Aprel, 2023-yil

Бизнес-омбудсман тадбиркорни банкротликдан қутқариб қолди

Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи “Sardor” (номи ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамияти раҳбари вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган солиқ текширувларида асоссиз молиявий жарималар қўлланилгани ва бу борадаги мурожаатлари эътиборсиз қолдирилаётганидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Мурожаатни ўрганиш вақтида ДСБнинг солиқ аудити бўйича қарорининг қабул қилинишида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаганлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Жамиятнинг 2021 йил январь-ноябрь ойларидаги фаолияти юзасидан Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан 2021-2022 йилларда сайёр солиқ текшируви, камерал солиқ текшируви ва солиқ аудити ўтказилган.

2021 йил 2-13 декабрь кунлари ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижасида солиқ объектини яшириш ҳолати юзасидан 1,2 млрд сўмга Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан 20 фоиз миқдорида жарима қўлланилиб, Жамият томонидан 248 млн сўм жарима тўланган.

ДСБнинг 2021 йил 29 декабрдаги буйруғига асосан ўтказилган камерал солиқ текширувида қўшилган қиймат солиғи бўйича 280 млн сўм ва фойда солиғи бўйича 137 млн сўм қўшимча солиқлар ҳисобланиб, мос равишда 102 млн сўм ва 137 млн сўм ундирилган.

Камерал солиқ текшируви якунига кўра, Жамият мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида ДСБнинг 2022 йил 25 октябрдаги буйруғига асосан солиқ аудити ўтказилди. Натижаси бўйича 2022 йил 22 декабрдаги қарорга асосан қўшилган қиймат солиғига 140 млн сўм ва фойда солиғига 21 млн сўм қўшимча солиқлар ҳисобланган.

Шунингдек, ушбу қарор асосида 938 млн сўмлик реализация қилинган товарларни солиқ органига тақдим этган ҳисоботда кўрсатмаслик ва 141 млн сўмлик кирим қилинмаган товарларни сақлаш ҳолатлари аниқланиб, жами 1 млрд сўмга нисбатан Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан 40 фоиз миқдорида 432 млн сўм жарима (молиявий санкция) қўлланилган.

Сайёр солиқ текшируви натижасида солиқ объектини яшириш ҳолати юзасидан 1,2 млрд сўмга Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан 20 фоиз миқдорида жарима қўлланилган бўлса-да, солиқ аудити якуни бўйича айнан бир хил давр учун солиқ солиш объектини яшириш ҳолати юзасидан 1 млрд сўмга такроран жарима қўлланилган.

Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 212-моддасида солиққа оид содир этилган айни бир ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Шунга кўра Бизнес-омбудсман томонидан Давлат солиқ қўмитасига хулоса киритилди. Натижада ДСБнинг 2023 йил 28 мартдаги қарорига асосан тадбиркорга нисбатан 40 фоиз миқдорида такроран қўлланилган 432 млн сўм жарима (молиявий санкция) бекор қилинган.

«Корхонамиз банкротлик ҳолатига келиб қолиб, жамиятимизда меҳнат қилаётган 10 киши ишсиз қолаётган эди. Тегишли органларга қилган мурожаатларимиз самара бермагач, Сизга мурожаат йўллаган эдик. Бизнес-омбудсман томонидан барча важларимиз қонун доирасида атрофлича ўрганиб чиқилди. Самарқанд Давлат солиқ бошқармаси томонидан хато ва камчиликлар ўринли эканлиги тан олиниб, жамиятимизга нотўғри қўлланилган жарима ва солиқлар камайтирилди. Натижада корхонамиз яна фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Жамиятимизнинг меҳнат жамоаси ва оила аъзолари ҳамда шахсан ўзим номимдан Сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», – дея корхона раҳбари Бизнес-омбудсманга миннатдорлик билдирди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение