Жиззах вилоятида фаолият юритувчи “Собир”
МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари электр таъминоти корхонаси ходимларининг хатти-ҳаракатидан
норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат
қилган.
Аниқланишича, Ғаллаорол туман ва Жиззах шаҳар
электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан 2023 йил 16 февраль куни “Собир”
МЧЖга нисбатан ҳисоблагичдаги
кўрсаткичлардан ташқари электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги ва электр таъминоти корхонаси манфаатларига
245 млн сўм зарар етказилганлиги ҳақида
далолатнома расмийлаштирилган.
Мазкур ҳужжатлар Иқтисодий жиноятларга
қарши курашиш Депаратментининг Ғаллаорол туман бўлимига чора кўриш учун
юборилган ва шу асосда 2023 йил 17 февралда зарарни 30 кунлик муддатда тўлаш, акс ҳолда жавобгарликка тортилиши тўғрисида хабарнома берилган.
Тадбиркорнинг мурожаатида келтирилган
важларнинг ҳаққонийлиги Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан “Ўзэнергоинспекция”
Жиззах ҳудудий бўлими мутахассислари ҳамда Департаментнинг туман бўлими ходимлари билан бирга
ўрганилганди.
Натижада далолатнома бўйича электр
энергияси тармоғига ноқонуний уланилганлиги қайд этилган ортиқча қувват ўз
исботини топмади. Яъни Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сонли
қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” талабига риоя этилмаганлиги маълум бўлди.
Хусусан, Электр таъминоти корхонаси
ходимлари томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланиб,
далолатнома расмийлаштирилган бўлсада, қанча энергия сарфлангани қайд
этилмасдан, жамият ҳудудидаги юқори қувватли трансформатор кучланиши
кўрсатилган холос.
Қолаверса, ўрганишда МЧЖга қарашли асфальт ишлаб
чиқариш заводи электрга уланмаганлиги, бундан ташқари, 3 дона электр двигатели
занглаган ҳолдалиги, заводнинг ишлаши учун зарур бўлган газ тармоғи
тортилмаганлиги аниқланди.
Шунга кўра жамият зиммасидаги қарийб 240 млн сўмлик зарар асоссиз деб топилди.
Ҳақиқий зарар қиймати қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 5 млн сўмни ташкил этиши
ҳақида далолатнома тузилди.