29-Mart, 2023-yil

Ноқонуний текширувлардан азият чеккан тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди

Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи “Bahodir” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний солиқ текширувлари ўтказилганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, вилоят ДСБ томонидан мазкур жамиятнинг 2020-2021 йиллардаги фаолият даври учун қўшилган қиймат солиғи бюджетга ҳисобланиши ҳамда тўланиши юзасидан икки маротаба камерал солиқ текшируви ўтказилган.

Ушбу хатти-ҳаракатлардан норози бўлган тадбиркор Гулистон туманлараро маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган ва иш кўриб чиқилиб, суднинг қарори билан солиқ бошқармасининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилган қарори бекор қилинган.

Шунга қарамасдан, жорий йилнинг февраль ойида солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган камерал солиқ текшируви якунига кўра, Солиқ кодексининг 138-моддасига асосан жамиятга 175 млн сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи ҳисобланиб, талабнома юборилган.

Мазкур ҳолатлар сабаб Бизнес-омбудсманга мурожаат йўллаган тадбиркорнинг масаласи ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 28-бандида текширувни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмаслиги белгиланган.

Ўрганиш давомида, шунингдек, тадбиркорнинг ҚҚС тўловчи гувоҳномаси 2022 йилда вақтинчи тўҳтатилганлиги, тадбиркор томонидан хато ва камчиликлар бартараф этилиб, солиқ бошқармасига қайта ариза билан мурожаат қилганлигига қарамай, бир йил давомида гувоҳнома тиклаб берилмаганлиги ва оқибатсиз қолдирилганлиги аниқланди.

Шу боис, Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан юқоридаги қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Маълумот учун: Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение