23-Mart, 2023-yil

Якка тартибдаги тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди

Хоразм вилоятида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Ф.Б. Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган сайёр солиқ текширувидан норози бўлиб ёзган мурожаати Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасида Сайёр солиқ текширув ўтказиш давомида Урганч шаҳар ДСИ ходимлари томонидан Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори талаблари бузилганлиги аниқланди.

Шунга кўра, Урганч шаҳар ДСИ ходимлари Ж.А. ҳамда А.Ш.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2412-моддасига асосан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Жиноят  ишлари бўйича Урганч шаҳар судига юборилди.

Маълум бўлишича, ДСИ ходимлари  Солиқ кодексининг 153-моддаси ва “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақида”ги Низом талабларига зид равишда сайёр солиқ текширувини ўтказишган. Хусусан:

– текширув Урганч шаҳрида жойлашган савдо шохобчасида якка тартибдаги тадбиркорнинг иштирокисиз амалга оширилган;

– солиқ тўловчининг кассасида мавжуд нақд пул қолдиғини саноқдан ўтказиш далолатномаси тузилмаган;

– текширув жараёни узлуксиз равишда видео тасвирга ёзиб олинмаган;

– текширув натижалари текширув тамомланганидан кейин 3 кун давомида текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди ҳал қилув қарорига асосан Урганч шаҳар ДСИ ходимлари Ж.А. ҳамда А.Ш.ларга МЖтКнинг 2412-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилган.

Шундан кейин аризачи якка тартибдаги тадбиркорнинг манфаатида Бизнес-омбудсман девони ходимлари Урганч шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг “Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир қилинганлиги учун солиқ жавобгарлигига тортиш тўғрисида”ги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Урганч туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган.

Натижада якка тартибдаги тадбиркорга Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 2211-моддаси 1-қисмига асосан қўлланилган 10,0 млн сўм жаримаси жорий йилнинг февраль ойида Урганч туманлараро маъмурий судида бекор қилинди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение