Ижтимоий
тармоқларда Тошкент вилоятида фаолият юритувчи «Zangiota Obodon» МЧЖ
ва вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўртасидаги
можаро ёритилган эди. Мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан
ўрганилганида қуйидагилар аниқланди.
2022 йилнинг 16
декабрь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан
Тошкент вилоятида фаолият юритувчи “ZANGIOTA OBODON” фаолиятида
фуқаро М.Юлдашев ва бошқаларнинг мурожаатига асосан “Атмосфера ҳавосини
муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назоратини амалга ошириш” йўналишида текшириш
ўтказишни келишиш учун “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали буюртма
киритилган.
“Жисмоний ва
юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига асосан:
ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган Давлат органига,
ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш
кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш
талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.
Ариза ва
шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш
ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш
муддатлари тегишли Давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно
тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига
хабар қилиниши белгиланган.
Тақдим этилган
ҳужжатларга кўра текширишга асос бўлган текширувга асос қилинган фуқаро
М.Юлдашевнинг мурожаати 2022 йилнинг 25 октябрь куни ёзилган бўлиб, ушбу
мурожаатни кўриб чиқиш муддати ўтказиб юборилганлиги аниқланган.
Юқоридагиларга
асосан, текширишни келишиш юзасидан йўлланган буюртма юзасидан тадбиркорлик
субъектида текшириш ўтказиш масаласи 2022 йил 17 декабрь куни рад этилди.