3-Fevral, 2023-yil

Ижтимоий тармоқларда ёритилган АЁҚШларда текширув ўтказиш тартибига оид ҳолатга расмий муносабат

You Tube платформасида @antimonyuz каналида АЁҚШлардан бирида содир бўлган фуқаролар ва юридик шахс масъуллари ўртасида юзага келган зиддиятли вазият ёритилди.

Мазкур лавхада тадбиркорлик субъектининг ноқонуний фаолияти юзасидан “Узнефтгазинспекция”га мурожаат қилинганлиги, бироқ назорат қилувчи орган вакиллари белгиланган тартибда ва муддатларда Бизнес-омбудсман билан келишмасдан туриб қонунбузилиш ҳолати бўйича текширув ўтказа олмаслигини маълум қилганлиги айтиб ўтилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 декабрдаги ПҚ-440-сонли қарорига кўра 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 апрелга қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси томонидан, истисно тариқасида, Бизнес-омбудсман билан келишмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширишга рухсат берилган.

Шу боис, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларидаги энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишмасдан, балки уни “Ягона давлат назорати” ахборот дастури орқали хабардор қилган ҳолда ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, текширув ўтказиш учун ваколатли органни хабардор этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сонли қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение