25-Yanvar, 2023-yil

Паррандачилик билан шуғулланувчи фермер хўжалигини сарсон қилган муаммо ҳал этилди

Бухоро вилоятида фаолият юритувчи “The Farm” (номи ўзгартирилган) фермер хўжалиги Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси ходимларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, фермер хўжалигига 2015 йилда ҳоким қарори билан ер майдони ажратилган ва мазкур ер майдонида паррандачилик йўналишида фаолият юритилиб келинган. Шунга қарамасдан фермер хўжалигига тегишли ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони тоифасида турганлиги аниқланган.

Ваҳоланки, ер кодексининг 46-моддасига кўра фермер хўжаликларини юритиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар берилиши белгилаб қўйилган.

Фермер хўжалигига ажратилган 21 300 квадрат метр ер майдони “Кўчмас мулк-3” электрон дастурга нотурар жой сифатида киритилганлиги боис, катта миқдорда ер солиғи ҳисобланиб, тадбиркорнинг ҳисоб рақами вақтинча ёпиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, фермер хўжалигининг муаммоси жойига чиққан ҳолда ҳал этилди ва унга тегишли бўлган ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ер майдони тоифасига ўтказилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение