2023 йил 1 январдан кучга
кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳи тақдим этилди.
Тадбиркорлик соҳасида талаблар
соддалаштирилмоқда
Хусусан,
қуйидаги талаблар бекор қилинмоқда:
· тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида
қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва ОАВда бу ҳақда
эълон бериш;
· янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчи
корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши;
· электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан
(ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр
энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;
· якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат
тизимида ҳисобга олиш орқали солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.
Тадбиркорларни
текшириши тартиби ўзгармоқда
Назорат қилувчи органларга «Ягона
давлат назорати» ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига
киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар
ўтказиш тақиқланмоқда.
Тадбиркорларга
қўшимча имтиёзлар тақдим этилмоқда
Якка тартибдаги тадбиркорлар
билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ
суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50%идан йилига БҲМнинг 1 бараваригача
камайтирилмоқда (бундан савдо мажмуалари ва
бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат
муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно).
Ўзининг шахсий томорқа ер участкасида
шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида
ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига
киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади.
Шунингдек, якка тартибдаги
тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари
(бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация,
дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни, шу жумладан, юридик
шахслар учун ҳам бажаришга рухсат этилмоқда. Қурилиш-пудрат
ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка
тартибдаги тадбиркорларни жалб қилиш мумкин бўлади.
Қорақалпоғистоннинг барча
туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари учун 2028 йил 1 январга қадар
бўлган даврда:
· фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига
солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ
ставкалари 50%га камайтирилади;
· ижтимоий солиқ 1% миқдорида белгиланади;
· якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида
фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият
юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига БҲМнинг бир баравари миқдорида
белгиланади.
Электромобилларни қувватлантириш станциялари солиқ ва божхона божларидан озод этилади
2026 йил 1 январгача озод қилинади:
· юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан
– электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда улар ўрнатилган автомобиль
тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан
– электромобилларни қувватлантириш станциялари;
· фойда солиғидан – асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш
хизматини кўрсатиш (ушбу фаолият тури бўйича тушумнинг умумий реализация қилиш ҳажмидаги
улуши 50% ва ундан юқори) бўлган тадбиркорлик субъектлари;
· транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад
бўйича айланмадан олинадиган солиқдан;
· божхона божидан – белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича
хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари,
уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик
асбоб-ускуналар.
Статистика ҳисоботларининг янги шакллари кучга кирмоқда, айримлари ўз кучини йўқотмоқда
2023 йил учун 100 дан зиёд статистика ҳисоботи шакллари
кучга кирмоқда.
Статистика ҳисоботининг 9 та
шакли ва бухгалтерия ҳисоби субъектлари томонидан молиявий ҳисоботларни солиқ
ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинмоқда.
Хорижий сайёҳларга ҚҚСни қайтариш бўйича эксперимент бошланади
Чет давлат фуқароларига улар
томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик
субъектларидан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган
ҚҚС суммасини қисман қайтариш («tax free») тизими тажриба тариқасида жорий этилмоқда.
Импорт шартномалар бўйича хизматларни солиққа тортиш тартиби ўзгармоқда
Асбоб-ускуналар (қурилмалар,
механизмлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар) сотиб олиш (сотиш) бўйича шартномада
(контрактда) уларни монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни
ўқитиш хизматлари ва бошқа шу каби хизматлар қиймати алоҳида кўрсатилмаган ҳолларда
норезидентнинг солиқ солинадиган даромадини ушбу хизматларнинг бозор қийматидан
келиб чиқиб ҳисобланади.
Қурилиш соҳасила талаблар соддалаштирилмоқда
Қурилиш-монтаж, реконструкция ва
мукаммал таъмирлаш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштираётган тадбиркорлик
субъектлари учун смета-ресурс нормалари тавсиявий хусусиятга эга бўлади.
Қурилиш регламентлари ҳамда
смета-ресурс нормаларини Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш талаб
этилмайди. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳар 3-4 йилда қайта кўриб чиқилади
ва заруратга кўра янгилаб борилади.
Текстиль
маҳсулотларини олиб чиқиш учун йиғим миқдори ўзгаради
Ўзбекистон божхона чегараси орқали
пахта ип-калаваси ва трикотаж матони (бўялган трикотаж матодан ташқари) олиб чиқишда
ҳар бир кг учун $0,1 миқдорида йиғим ундирилади(2022 йилда – $0,05).