12-Dekabr, 2022-yil

Қўмитанинг 25 нафар мансабдорига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди



Бизнес-омбудсман томонидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларда тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ижроси ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг қонунийлиги юзасидан ўрганишлар ўтказилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида Инспекция ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари томонидан 312 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жанубий минтақавий инспекция ходимлари 3 та ҳолатда ўтказган текшируви Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказилмаган.

Шимолий-Ғарбий минтақавий инспекциясида 24 та, Самарқанд-Бухоро вилоят инспекциясида 17 та, Марказий минтақавий инспекциясида 1 та ҳолатда ўтказилган текширишларда “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида” Низом  талабига риоя этилмаган.

Масалан, инспекциянинг етакчи матахассислари томонидан тадбиркор фаолиятида ўтказилган текширув якуни бўйича маълумотлар белгиланган муддатда ягона тизимга киритилмаган.

Худди шу каби қонунбузилиш 41 та ўтказилган текширишларда ҳам такрорланган.

Шимолий-Ғарбий минтақавий инспекциясида 90 та, Самарқанд-Бухоро вилоят инспекциясида 19 та, Фарғона минтақавий инспекциясида 26 та, Жанубий минтақавий инспекциясида 13 та, Марказий минтақавий инспекциясида 2 та жами 150 та ҳолатда юқорида белгиланган Низом талабларига риоя этилмаган.

Масалан, Фарғона минтақавий инспекциянинг инспектори томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказилган текширув ваколатли орган билан келишилган тартибда ўтказилиши лозим бўлса-да, инспекция томонидан ваколатли органни хабардор қилиб тадбиркорлик субъектида текшириш ўтказган.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига асосан ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.

Инспекция ходимлари 11 та мурожаатларни қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқмаган.

Инспекцияда 2 та, Самарқанд-Бухоро вилоят инспекциясида 4 та, Марказий минтақавий инспекциясида 5 та ҳолатда белгиланган муддатларда мурожаатларга жавоб хати берилишига риоя этилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 декабрдаги 983-сон ва 2022 йил 25 мартдаги 133-сон қарорлари талабларига кўра, Қўмита ва Инспекция томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланган.

Ўрганиш давомида давлат хизматлари “Лицензия” ахборот тизими орқали эмас, балки анъанавий тарзда, яъни қоғоз шаклда тўғридан-тўғри амалга оширилаётганлиги маълум бўлди.

Қайд этилган камчиликларга йўл қўйган 25 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Жумладан, 18 нафар ходимга нисбатан МЖтКнинг 2412-моддаси, 7 нафар ходимга нисбатан МЖтКнинг 43-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Ўрганиш якуни бўйича соҳада қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Қўмита раҳбарига тақдимнома киритилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение