10-Dekabr, 2022-yil

Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади


“Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–415-сон, 08.11.2022-й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 декабрдан тижорат ташкилотлари фаолиятида қуйидаги талаблар бекор қилинди:

қуйидаги ташкилотларда ички аудитни ташкил этиш:

масъулияти чекланган жамиятлар;

активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг баробаридан кам, давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп акциядорлик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари;

МЧЖнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш;

МЧЖнинг вакилларига умумий йиғилишда иштирок этиш учун бериладиган ишончномани нотариал тасдиқлаш;

МЧЖда захира жамғармаси ташкил этилганда, унинг миқдорини устав фондининг камида 15 фоизи этиб белгилаш.

2023 йил 1 мартдан унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият шаклида юридик шахс ташкил этиш тўхтатилади.

2023 йил 1 апрелдан:

МЧЖ устав фондига қўшиладиган, қиймати БҲМнинг 10 минг бараваридан кўп пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;

юридик шахслар қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади.

2023 йил 1 мартдан бошлаб қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайти орқали қуйидаги фактлар тўғрисидаги ахборотни улар юз берган санадан икки иш куни ичида эълон қилади:

қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш;

қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш, хизматларни кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи малака сертификатини бериш.

2023 йил 1 июлдан хўжалик жамиятининг филиаллари, ваколатхоналари ташкил этилганлиги ва унинг устав фонди шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да эълон қилинади.

2023 йил 1 январдан бошлаб устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлиси ва иштирокчилари (акциядорлари) умумий йиғилиши баёнлари улар расмийлаштирилгандан сўнг ўн кун муддатда Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Давлат мулки” ахборот тизимида жойлаштирилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение