6-Dekabr, 2022-yil

Бизнес-омбудсман ҳимоясидан бевосита қандай фойдаланиш мумкин?


Тадбиркорлар Бизнес-омбудсман ҳимоясидан бевосита қандай фойдаланишлари мумкин?

Жавоб: Бу, биринчи навбатда, шикоят қилиш орқали мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги Қонуннинг 15-моддасида шикоятларга қўйиладиган талаблар белгиланган:

1. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят юридик шахс томонидан берилган тақдирда эса, унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

2. Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.

3. Электрон шаклда берилган шикоят қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

4. Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар унга илова қилиниши мумкин бўлиб, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.

5. Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиши мумкин. Шикоятни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение