28-Noyabr, 2022-yil

Ёш ҳуқуқшунослар билан учрашув қизғин ўтди

Бугун, 28 ноябрь куни Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги ҳамда “Халқаро талабалар куни” муносабати билан Бизнес-омбудсманнинг Тошкент давлат юридик университети мутасаддилари ва талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов сўзга чиқди. Вакил талаба-ёшларни байрам билан қутлаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Бизнес-омбудсман институти фаолиятига атрофлича тўхталди.

“Бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Бизнес-омбудсман институти фаолияти дунёнинг кўплаб давлатларига ўрнак бўлиб келмоқда.
Бизнес-омбудсман институти БМТ Бош ассамблеясининг 1993 йилдаги резолюцияси билан тасдиқланган “Париж тамойиллари”га тўлиқ жавоб беради”, – деди Дилмурод Касимов.

Учрашувда Тошкент давлат юридик университети проректори, юридик фанлар номзоди, доцент Aҳрорхон Ҳошимхонов ҳам сўзга чиқиб, тадбиркорларга яратилаётган янгидан-янги имкониятлар, уларнинг фаолиятини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди.

Тадбирда университет илмий ходимлари томонидан билдирилган таклифлар, ғайрат ва шижоатга тўла талаба ёшларнинг саволлари тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу учрашувдан кўзланган мақсад келажагимиз эгалари ҳисобланган ёшларни Бизнес-омбудсман фаолияти, соҳада амалга оширилаётган ишлар, тадбиркорларга яратилаётган янгидан-янги қулайликларни таништириш билан чекланмади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, соҳага оид муаммоларни ҳал этиш ва стратегик таклифлар ишлаб чиқишда илмий ёндашувларни қўллаш, юридик кадрлар тайёрлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим, фан ва амалиётнинг самарали интеграциясини таъминлаш ҳам мақсад қилиб қўйилди.

Тадбир сўнгида бизнес ҳуқуқи бўйича махсус ташкил этилган танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирланишди.


Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение