28-Noyabr, 2022-yil

“Ҳудудгазтаъминот”нинг тадбиркорга ҳисоблаган нореал қарздорлиги бекор қилинди


Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган “Elite yarn” МЧЖ раҳбари газ таъминот корхонаси ходимлари ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Жамият раҳбари 2021 йил январдан 2022 йил февралга қадар фойдаланилган газга нисбатан 1,4 коэффициентдан ҳисоб-китоб қилиб келинганини маълум қилган.

Ушбу қарздорликнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда, газ таъминот филиали томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда тадбиркорлик субъекти зиммасига ортиқча қарздорлик ҳисобланганлиги аён бўлди.

Бундан ташқари, газ таъминоти филиали томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш” Қоидалари талабларига зид равишда жамият фойдаланган табиий газ учун ноқонуний равишда оширилган тўлов ҳисобланиб келинаётганлиги аниқланди.

Қоидаларининг 105-бандида, истеъмолчи томонидан табиий газ етказиб бериш учун тузилган шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва газ таъминоти ташкилоти билан олдиндан келишилмасдан газ олинган тақдирда, истеъмолчидан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган табиий газ қийматига нисбатан 1,4 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилиши қайд этилган.

Бироқ, “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминот филиали томонидан 2021 йил январь-октябрь ойларида ишлатилган 68.034 м3 газ 27.213.000 сўм 1,4 коэффициент билан ортиқча ҳисоб-китоб амалга оширилган.

“Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали ходимларининг бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркор зиммасига асосланмаган, нореал қарздорлик юкланган ва унинг манфаатларига зарар етказилган.

Бу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖга тақдимнома киритилди. Натижада “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг асоссиз ҳисоблаган 27.213.000 сўм нореал қарздорлиги бекор қилинди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение