Маълумки, тадбиркорлик субъектларининг банклардаги
ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган
ҳолатлардан ташқари тўхтатиб туриш мумкин эмаслиги амалдаги норматив
ҳужжатларида ўз аксини топган.
Хусусан, қонунчиликка мувофиқ солиқ тўловчиларнинг банкдаги
ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши солиқ органи томонидан ўн
кундан кўп бўлмаган муддатга солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари
бажарилишини таъминлаш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Агар, солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг банкдаги
ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриши тўғрисидаги қарор қабул
қилинган кундан эътиборан ўн кун муддатда судга илтимоснома билан мурожаат
этилмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ҳисобварақалари бўйича операцияларни
тўхтатилиши тижорат банклари томонидан бекор қилинади.
Бироқ, солиқ органи томонидан тегишли судга илтимоснома
билан мурожаат этилмаган бўлсада “Халқбанки”, “Асака банк”, “Микрокредитбанк”,
“Агробанк”, “Қишлоққурилишбанк”, “Туронбанк” мансабдор шахслари томонидан
Наманган вилоятида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг
банклардаги ҳисобварақлари бўйича операциялари тўхтатилиши бекор қилинмаганлиги
аниқланган.
Масалан, Наманган шаҳрида фаолият юритувчи “T.A” МЧЖнинг
ҳисобварақ бўйича операциялари 2022 йил 28 мартда тўхтатилган бўлса-да, 2022
йил 28 июнга қадар бекор қилинмаган.
Тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатилиши ҳолатларини ўз муддатларида бекор қилмаганлиги сабабли юқоридаги банкларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Бизнес-омбудсман томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2413-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик белгиланди ва 12 миллион сўм жарима ундирилди.