22-Noyabr, 2022-yil

Тадбиркор текширув қонунийлигини қандай аниқлаши мумкин?

Савол:

“Тадбиркорлик билан шуғулланаман. Текширувлар ўтказиб турилади. Уларнинг ҳаракати қонунийлигини қандай аниқласам бўлади?”

 Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-374-сон Қарорига биноан, назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 18-бандига кўра, назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарини (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсни) текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани кўрсатади, текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар (текширув ўтказиш келишилганлиги ёки ваколатли орган текширув ҳақида хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текширув дастури) нусхаларини тилхат олган ҳолда тақдим қилади, шунингдек, Ахборот тизимига текширувнинг уникал кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради, ушбу Низомнинг 40-банди ўн биринчи хатбошисида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ахборот тизимидан бепул реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали ёки қисқа хабар (SMS) кўринишида олиши мумкин.

 Эслатма:

Интернет орқали текшириш. “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига https://govcontrol.uz/ веб-сайти орқали кирилади. Телефон рақам ва пароль орқали тизимдан фойдаланиш мумкин.

СМС орқали текшириш. Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни “4064” қисқа рақамига ИНН сўзи бўш катак ва СТИР рақам киритилади.

Диққат!

Сизнинг фаолиятингизда назорат қилувчи органлар томонидан ноқонуний текширув ўтказилса ёки текширув тартибининг бузилиши ҳолатлари учраётган бўлса, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилинг!

info@biznesvakil.uz

1100, 0-800-211-00-00

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение