18-Noyabr, 2022-yil

Тадбиркормисиз? Ҳуқуқингиз поймол бўляптими? Қаерга мурожаат қилишни билмаяпсизми?..

Унутманг, сиз давлат раҳбари, қолаверса, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳимоясидасиз!

Янгиланаётган Ўзбекистонда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун кўплаб шарт-шароитлар яратилмоқда. Янги иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келиши, ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, хусусан, келажагимиз эгалари ҳисобланган ёшларимиз меҳнат қилиши тадбиркорларнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам тобора ортиб бораётганидан далолатдир.

2019-2022 йиллар давомида business.gov.uz портали орқали тадбиркорлардан қарийб 190 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.

2022 йил 28 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тадбиркорлар учун янада кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Фармонга мувофиқ business.gov.uz тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш платформаси «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталига айлантирилди. Бу мутлақо янги тизим бўлиб, тадбиркорлар муаммолари билан ишлашни янада қулайлаштиришга қаратилган.

Эндиликда тадбиркор ўз мурожаатини мустақил равишда business.gov.uz – «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталига ёзиши ёки «1100» ишонч телефон орқали оғзаки етказиши мумкин. Мазкур қисқа рақам ҳафтанинг 7 кунида 24 соат давомида тадбиркорлар хизматидадир.

Тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг ҳудудий шўъбалари порталга киритилган мурожаатларни тегишли ваколатли органларга йўналтиришади.

Ваколатли органлар портал орқали келиб тушган мурожаатларни 15 иш кунида ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўришади. Натижалар юзасидан тегишли маълумотлар ва қабул қилинган қарорлар эса порталга жойлаштирилади. Яъни жавоб ҳам масофадан тақдим этилади.

Бундан ташқари, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг ҳудудий шўъбалари порталга киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ҳам олиб боришади.

Борди-ю, ваколатли органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатлари аниқланса, айбдор шахсларга тегишли тартибда чоралар қўлланилади.


Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение