23-Iyun, 2020-yil

Тадбиркорлик фаолиятини текшириш тартибини бузган масъуллар жавобгарликка тортилди

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти учун қулай шароит яратиш, бизнес муҳитини яхшилаш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Бу борада тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниб, назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувлар текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши белгиланган. Шунга қарамай, айрим назорат қилувчи органлар томонидан текширув тартибини бузиш ҳолатлари учрамоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари М.Б ва М.С текширувни текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидан рўйхатдан ўтказмаган ҳолда, “HAVAS FOOD” МЧЖнинг бино ва иншоотини ўсимликлар карантини назоратидан ўтказиш ва фитосанитар ҳолатини текшириш учун борган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт эканлиги, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланиши белгиланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2412-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Яккасарой тумани маъмурий судига юборилган. Яккасарой тумани маъмурий суди томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима жазоси тайинланган.

Тадбиркорлик субъектларига эслатма! Агар Сизга нисбатан давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этилса, бу ҳақда Бизнес-омбудсманнинг 71-239-25-03 ёки 71-202-08-81 телефон рақамларига қўнғироқ қилишингиз сўралади.



Бизнес-омбудсман матбуот хизмати

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение