28-Iyul, 2022-yil

Тадбиркорга лицензия бериш тартибини бузган Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими маъмурий жавобгарликка тортилди

Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи “Business” МЧЖ (номи ўзгартирилган) лицензия олишда амалий ёрдам сўраб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Хусусан, Жамият томонидан нодавлат таълим муассасаси фаолияти учун лицензия олиш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлимига (кейинги ўринларда – Инспекция) мурожаат қилинган.

Мазкур мурожаат Инспекция томонидан кўриб чиқилиб, айрим камчиликлар  туфайли лицензия бериш талаби рад этилган. Аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, Жамият томонидан такроран мурожаат йўлланган бўлсада, лицензияни бериш янги асослар бўйича рад этилган.

Ваҳоланки, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга асосан, ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, ваколатли орган лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик бўйича Бизнес-омбудсман томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассисига нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение