13-Iyun, 2022-yil

Тадбиркорга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини ноқонуний қўллаш ҳолати бартараф этилди

Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Nano lizing kompaniyasi” МЧЖ таъсирчан солиқ механизмини бекор қилишда амалий ёрдам сўраб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Жамиятга кўп қаватли турар-жой ва меҳмонхона биноларини қуриш учун рухсат берилган. Шунга кўра, Жамият томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Аммо лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг хулосаси берилмасидан олдин, Яккасарой туман ҳокимлиги ҳузуридаги Фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳ томонидан Жамиятнинг юқоридаги мулкига нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тўғрисида хулоса тузилган.

Ваҳоланки, Солиқ кодексига мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектларга қурилиш объектига доир лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар, агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, ушбу объектнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар киради.

Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент шаҳар ҳокимига Тақдимнома киритилиб,  Жамиятга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тўғрисидаги хулоса бекор қилинди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение