Навоий
вилоятида фаолият кўрсатувчи “Компасс” МЧЖ (номи ўзгартирилган) Хатирчи туман
Мактабгача таълим бўлимидан шартнома бўйича қарздорликни ундиришда муаммога дуч
келиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Хусусан,
Жамият ва Мактабгача таълим бўлими ўртасида пудрат шартнома тузилган бўлиб,
унга мувофиқ Жамият томонидан белгиланган объектни таъмирлаш бўйича ишлар
бажарилган. Аммо тузилган шартнома ҳудудий ғазначилик бўлинмаларидан рўйхатдан
ўтмаганлиги сабабли тадбиркорга тўловлар амалга оширилмаган.
Бюджет
кодексининг 122-моддасига асосан, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари
олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни,
хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга
киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан
ўтказилганидан кейин кучга киради.
Шу билан
бирга, Фуқаролик кодексининг 114-моддасига асосан битим ҳақиқий бўлмаганида битим бўйича бажарилган иш
ёки кўрсатилган хизматнинг қиймати пул билан тўланиши шарт.
Ушбу
ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан Кармана туманлараро иқтисодий судига
даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Хатирчи туман
Мактабгача таълим бўлимидан тадбиркор фойдасига 45,4 миллион сўмлик асосий
қарздорликни ундириш белгиланди.