Сирдарё
вилоятида фаолият кўрсатувчи “Agro” фермер хўжалиги (номи ўзгатирилган) Ховос туман ҳокимлигининг хатти-ҳаракатидан
норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Маълум бўлишича,
Ховос туман ҳокимининг қарори билан фермер хўжалигига қарийб 50 гектар ер
майдони узоқ муддатли ижарага берилган. Аммо ижара шартномаси ноқонуний равишда
ҳокимлик томонидан бир томонлама бекор қилиниб, фермер хўжалигига ажратилган ер
майдони ер заҳира фондига қайтарилган.
Таъкидлаш
жоиз, маҳаллий давлат
ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга
бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш
ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор,
фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.
Ушбу ҳолат
юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Гулистон туманлараро маъмурий судига шикоят киритилиб, Ховос туман
ҳокимининг фермер хўжалиги билан ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги
қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Натижада, фермер хўжалигининг ер майдонига
бўлган ҳуқуқи тикланди.