23-Fevral, 2022-yil

Бизнес-омбудсман БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитасининг 71-сессиясида иштирок этди

Кеча, 22 февраль куни, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитасининг 71-сессияси бошланиб, унда Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов нутқ билан чиқди.

Ўз нутқида Дилмурод Касимов Бизнес-омбудсман институтининг фаолияти бир неча йўналишда, хусусан, тадбиркорлар фаолиятидаги текширувларни қонунийлиги устидан мониторингни амалга ошириш, тадбиркорлик соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорларни мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилиши таъкидланди.


Шунингдек, пандемиянинг тадбиркорлик субъектларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича Бизнес-омбудсман томонидан 143 таклиф киритилганлиги, қонунчиликка кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича 30 ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Ушбу тадбирлар натижасида пандемиядан зарар кўрган 100 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, тадбиркорларга давлат органларидаги коррупция ҳолатлари юзасидан аноним мурожаатлар юбориш имконини берувчи махсус платформа (БОСИМ) Бизнес-омбудсман томонидан ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди.


Ўз навбатида, тадбир иштирокчилари томонидан Бизнес-омбудсман институтининг ваколатлари ва тадбиркорларни ҳимоя қилиш механизмлари борасида қизиқиш билдирилди.

Таъкидлаш лозимки, ЎРҚ-440-сон Қонунига мувофиқ, Бизнес-омбудсман институтига жуда кенг ваколатлар берилган. Жумладан:

  • тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик талабини бузган давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда огоҳлантиришлар эълон қилиш;
  • қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
  • тадбиркорлик субъектлари манфаатида судларга давлат божини тўламасдан аризалар (шикоятлар, даъволар) билан мурожаат этиш;
  • маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение