21-Oktabr, 2021-yil

Ижара шартномаси бекор қилинмасдан, ер майдони бошқа эгаларга ажратилиши қонунийми?

Навоий вилоятида фаолият юритувчи “Business” МЧЖ мулкий ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, Хатирчи туман ҳокимининг қарори билан Жамиятга 1266,7 Га ер майдони 25 йил муддатга ижарага ажратилган. Ижара шартномасини муддати тугамаганлигига қарамай, мазкур ер майдонларини Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига (Қўмита) доимий эгалигига бериш юзасидан туман ҳокимининг қарори қабул қилинган. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6059-сон Фармонига кўра, қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган барча яйловлар Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилиши белгиланган ва унга асосан Навоий вилоят ҳокимининг қарори билан ўтказиладиган мавжуд яйлов ер майдонларининг рўйхати тасдиқланган ва рўйхатга “Business” МЧЖга тегишли ер майдонлари ҳам киритилган. 

Ушбу ҳолатда тадбиркор билан тузилган ижара шартномаси бекор қилинмасдан, ер майдонлари ҳокимлик томонидан бошқа эгаларга ажратилиши қонунийми? Ер кодексига асосан, тадбиркорнинг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи фақат ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади. Шу билан бирга, ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаганда, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Ушбу ҳолат юзасидан, Бизнес-омбудсманнинг Навоий туманлараро маъмурий судига киритилган шикоят аризаси натижасида, Хатирчи туман ҳокимлигининг қароридаги “Business” МЧЖга тегишли қисмлари ҳақиқий эмас деб топилди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение