6-Sentabr, 2021-yil

Давлат органи тадбиркорга 314 миллион сўмдан ортиқ тўлайдиган бўлди

Бизнес-омбудсман Пахтакор туман халқ таълими бўлимидан қарздорликни ундириш юзасидан киритган даъво аризаси бўйича судда ютди. Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг қарори билан Пахтакор туман халқ таълими бўлимига “Қурилиш” МЧЖ (номи ўзгартирилган) фойдасига 314 миллион сўмдан ортиқ қарзни тўлаб бериш мажбурияти юклатилди. 

Мазкур қарздорлик тадбиркор ва таълим бўлими ўртасида тузилган пудрат шартномаси бўйича юзага келган. Тарафлар ўртасида тузилган шартнома ҳудудий ғазначилик бўлинмаларидан рўйхатдан ўтмаганлиги ва шу сабабли шартнома кучга кирмаганлиги аниқланди*. Натижада, тадбиркор томонидан ҳақиқий бўлмаган битим бўйича ишлар амалга оширилган. 

Бундай ҳолатларда тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

Тадбиркорлар уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги чиройли сўзларни кўп эшитган, энди бу гапларнинг амалий таъсири ва натижасини ўз кундалик фаолиятида ҳис этиши керак.

Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон”

газетасига берган интервьюсидан.

 

Бизнес-омбудсманнинг амалиётида давлат органлари тадбиркорлардан қарздор бўлиш ҳолатлари кўп аниқланади. Статистикага кўра, 2021 йилнинг август ҳолатига Бизнес-омбудсманнинг фаолияти натижасида судлар орқали тадбиркорлар фойдасига 7, 8 миллиард сўмлик маблағларни давлат органларидан ундирилиши белгиланган.

Кўп ҳолатларда қарздорлик маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартнома, пудрат шартномаси, шунингдек тадбиркорларнинг бузиб ташланган объектлари бўйича вужудга келади. Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида ҳам давлат органларининг тадбиркорлар олдида вужудга келган қарздорлиги муҳокама қилинган эди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор.

Очиқ мулоқот якунида, барча вилоят ҳокимларига шу йил 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказиш вазифаси юклатилди. 

 

*Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, 122-модда.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение