
2025 йил 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?
2025 йил 1 октябрдан бошлаб енгил саноатни янги молиявий қўллаб-қувватлаш
чоралари жорий этилади
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги томонидан енгил
саноат соҳасидаги корхоналарга Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси
маблағлари ҳисобидан 2025 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги молиявий
қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилиши белгиланган:
а) халқаро брендларни жалб қилиш, стандартлаштириш ва
сертификатлашнинг халқаро тизимларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро
стандартларини жорий этиш, экспорт шартномалари бўйича суғурталашни
молиялаштириш харажатларини қоплаш ҳамда мутахассисларни ўқитиш учун грантлар
ажратиш;
б) хорижий давлатларда савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис,
савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, реклама кампанияларини ташкил этиш
билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг бир қисмини қоплаш;
в) хорижий консалтинг компанияларни ва малакали
мутахассисларни жалб қилиш, кўргазма стендларини ташкил этиш ва халқаро
кўргазма-ярмаркалар, тренинглар ва бизнес-форумларда иштирок этиш харажатларини
қоплаб бериш, хорижий ахборот ресурсларида маълумотларни жойлаштиришда молиявий
ёрдам кўрсатиш;
г) енгил саноат корхоналарини, шу жумладан, тайёр
тикув-трикотаж, табиий ва сунъий чармдан тайёр пойабзал ва чарм атторлик
маҳсулотлари, ипак мато ишлаб чиқарувчи корхоналарни белгиланган тартибда
молиявий қўллаб-қувватлаш;
д) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳудудларда ташкил
этиладиган енгил саноат корхоналарига кўмаклашиш лойиҳа офисларини сақлаш, жалб
қилинадиган хорижий маслаҳатчилар ва консалтинг компаниялари харажатларини
қоплаш, Агентлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳамкор уюшмалар ҳамда илмий
муассасаларни ўрнатилган тартибда молиялаштириш.
СИЗ иштирокчилари ва юридик шахслар учун 2025 йил 1 октябрдан янги
мажбурият
2025 йил 1 октябрдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар
иштирокчиларига, юридик шахсларга жамоат эҳтиёжлари, давлат-хусусий шериклик
лойиҳаларини ҳамда ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни
амалга ошириш учун ер участкалари берилганда (сотилганда), ушбу маълумотлар ер
участкаларига ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларда акс эттирилиши шарт.
Инвестиция платформалари учун «Тартибга солиш қумдони» режими: 2025-2026
йиллардаги имкониятлар
2025 йил 1 октябрдан
2026 йил 1 октябрга қадар инвестиция платформаларидан «Тартибга солиш қумдони»
махсус ҳуқуқий режимида қуйидаги йўналишларда фойдаланишга рухсат берилади:
(а) қимматли қоғозларни жойлаштириш ва сотиб олишда;
(б) венчур ва пай фондларини молиялаштиришда;
(в) коммандит ширкатларга ҳисса киритишда.
Дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилади
2025 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги хорижий ташкилотлар
томонидан рўйхатдан ўтказилган дори воситалари Ўзбекистон Республикасида тан
олиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилади:
(а) Фармон кучга кирган санага қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш
ташкилоти рўйхатига киритилган тартибга солувчи органлар (WНO Listed
Authorities);
(б) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Глобал таққослаш
воситаси (Global Benchmarking Tool) бўйича етукликнинг 4-даражасидаги (Maturity
Level 4) тартибга солувчи органлар.
Қорақалпоғистон Республикасида норуда қазилмалар: 2025 йил 1 октябрдан
аукцион ғолиблиги суммасини бўлиб тўлаш мумкин
2025 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасида
норуда фойдали қазилмаларни қайта ишлашни ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига
ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар беришга оид
аукционда ғолиб бўлиш учун таклиф этилган суммани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат
этилади.
2025 йил 1 октябрдан «Миллий дўкон»да фақат сертификатланган мебеллар
сотилади
2025 йил 1 октябрдан бошлаб электрон кооперация портали ва давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида фақатгина маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлган мебель маҳсулотларини жойлаштириш ва савдоларда ушбу сертификатга эга тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишига рухсат берилади. Бунда мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмайди.