
Бугун Бизнес-омбудсман девонида “Давлат секторида сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари” мавзусида тренинг ташкил этилди. Тадбир “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти” билан ҳамкорликда ўтказилди.
Сунъий интеллект – бу нафақат инновация, балки давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, аҳоли учун қулай имкониятлар яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва шаффофликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш натижасида давлат хизматлари кўрсатиш тезлиги 30-40% га ошиши, инсон омили билан боғлиқ хатолар эса сезиларли даражада камайиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида давлат бошқаруви жараёнларини рақамлаштириш, замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва сунъий интеллект технологияларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бизнес-омбудсман институти ушбу жараёнларда тадбиркорлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда давлат хизматларини янада шаффоф ва самарали қилишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.