7-Avgust, 2025-yil

Бизнес-омбудсман яна бир бор эслатиб ўтади!

Ижтимоий тармоқларда корхоналардан чиқаётган заҳарли моддалар, шунингдек, косметологик ҳизматлар кўрсатилишида инсон соғлиғига зарар етаётган ҳолатларда тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказишни Бизнес-омбудсман билан келишиш тартибида ўтказилиши тўғрисида тарқалаётган ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатларга ойдинлик киритишмақсадида тегишли қонунчилик талаблари ҳақида маълум қиламиз.

2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар Бизнес-омбудсманни “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали хабардор қилиш тартибида ўтказилмоқда, яъни Текширувларни Бизнес-омбудсман билан келишиш тартиби тўлиқ бекор қилинган.

Инсон соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдирадиган ва шошилинч аралашувни талаб қиладиган ҳолатларда текширув бошланганидан сўнг 24 соат ичида махсус платформа орқали хабардор қилиш тартиби мавжуд.

"Тадбиркорлик субъекти ҳисоблангани учун косметологлар фаолиятини текшира олмаяпмиз, улар фаолиятига шикоят келиб тушганда, ариза асосида, аниқ фактлар мавжуд бўлса ва бизнес-омбудсмандан рухсат олингандан кейингина аралаша оламиз", деган Санэпидқўмита ходимининг фикри юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлар фаолиятида текширув ўтказиш учун қуйидаги асослар мавжуд:

-         «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижалари;

-         аниқ фактлар;

-         ҳолатлар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиш хавфининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва ташкилотлари маълумотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар.

Яъни, ноқонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектида Бизнес-омбудсман билан келишмасдан (рухсат олмасдан) ҳабардор қилган ҳолда текширув ўтказиш ваколати барча назорат қилувчи органларда мавжуд.

Иккинчидан, Ҳар бир назорат қилувчи орган «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимини жорий этиши лозимлиги белгиланган.

«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади. Хавф даражаси ўрта ва юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилиши ёки текширув ўтказилиши мумкинлиги белгиланган.

Хавф даражаси бўйича мезонлар эса ҳар бир ташкилот томонидан амалдаги тартиб-қоидалардан келиб чиқиб белгиланади ва унинг шаффофлиги тадбиркор фаолиятига холис баҳо бериш имконини беради.

Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, амалда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган 200 дан ортиқ СанПин қоидалари мавжуд бўлиб, Санэпидқўмита хавф даражаси ўрта ва юқори бўлган тадбиркорлик субъектларида доимий равишда тадбиркорлик субъектларининг ушбу талабларга мувофиқ иш олиб бораётганини текширишга ҳақли.

Текширувларни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидан рўйхатдан ўтказиш эса қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, текширувлар ортидан юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш мақсадида талаб этилади.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида тадбиркорлар фаолиятида Экология, атроф-мухитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ўтказилган 975 та ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан ўтказилган 1705 та текширувларнинг барчаси “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинган.

Қолаверса, шу йилнинг ўзида Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан текширув ўтказиш тартибини тушунтириш мақсадида 13 818 нафар мансабдор шахсларга 296 та ўқув семинарлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, текширувлар ўтказишда қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлар фаолияти асоссиз текширувларни чеклаш, ноқонуний текширувларни олдини олиш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение