25-Iyul, 2025-yil

2025 йил 1 августдан нималар ўзгаради?

 2025 йил 1 августдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

2025 йил 1 августдан: экологик ишлаб чиқаришга ўтган корхоналар учун янги имтиёзлар

 

2025 йил 1 августдан бошлаб атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишдаги ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида қуйидаги тартиб жорий этилади:

а) биринчи босқичда — атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станцияларини ўрнатган корхоналарга:

табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечилади;

табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизигача бўлган қисми икки йил давомида қайтарилади;

б) иккинчи босқичда — мониторинг станцияларини ўрнатган корхона келгуси бир йил давомида чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналарини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизигача бўлган қисми икки йил давомида қайтариб берилади.

Бунда мазкур бандда назарда тутилган имтиёзлар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан бериладиган хулоса асосида тақдим этилади.

 

1 августдан нодавлат боғчаларга компенсациялар жорий этилади

 

2025 йил 1 августдан бошлаб айрим тоифадаги оилалар фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш (компенсация ажратиш) тартиби жорий қилинади.

Бунда:

компенсация бола таъминоти учун ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади;

компенсация ҳақиқатда қатнаётган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари сонидан келиб чиқиб, бироқ Мактабгача ва мактаб вазирлиги билан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўртасида тузилган битимда белгиланган ўринларнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган қисмига ажратилади;

компенсация оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг ҳисобварағига уларга ажратиладиган субсидиялар билан бирга тўлаб борилади.

 

2025 йил 1 августдан: Мўғулистондан майда шохли мол импортига янги имтиёзлар!

 

2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига:

а) ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда ушбу кичик бандда назарда тутилган харажатлар учун талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджети параметрларида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига чорвачилик хўжаликлари томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчки, она балиқ ва жўжаларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади;

б) қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти берилади. 

 

2025 йил 1 августдан бошлаб текширувлар бошлангандан сўнг 24 соат ичида хабардор этиш тартибида амалга ошириладиган текширув турларига қўшимча киритилмоқда

Давлат экологик назорат инспекцияси давлат инспекторлари қуйидаги ҳолатлар аниқланганда тезкор назорат тадбирларини текширувлар бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширади:

 

а) юридик шахсларнинг ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилиш;

б) ўлчами беш юз квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш;

в) ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш.

 

Мебель технологларининг малака ошириш харажатлари қопланади

 

2025 йил 1 августдан бошлаб маҳаллий мебель технологлари учун ривожланган хорижий мамлакатлардаги нуфузли ташкилотларнинг соҳага тегишли бўлган малака сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизини Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

 

1 августдан: "Миллий дўкон"да маҳаллий маҳсулотлар

 

2025 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги турдаги маҳсулотлар: 


Озиқ-овқат маҳсулотлари 

(0201 — 0408; 0901 — 1109; 1601 — 2209)


Ёғ-мой саноати маҳсулотлари

(1501 — 1522; 3401)


Ипак саноати маҳсулотлари

(5001 — 5007)


Электрон кооперация портали ҳамда давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида фақатгина маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат асосида  жойлаштирилади ва савдоларда иштирок эта олади.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение