
“Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-207-сон, 26.06.2025 й.) қабул қилинди.
Ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг йиллик ҳажмини 7 тоннага, заргарлик буюмларини экспорт қилиш кўрсаткичларини 300 млн АҚШ долларига етказиш;
қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларининг норасмий айланмасини камида 50 фоизга қисқартириш.
Қарорга кўра, заргарлик марказларида фаолият юритаётган тадбиркорларга қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади, жумладан:
қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотишда 90 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига фоиз ҳисобланмайди, 91-кундан бошлаб 180-кунгача амалга оширилган тўловлар қисмига – йиллик 3 фоиз миқдорида фоиз ҳисобланади;
заргарлик марказларида "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси ва Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг филиаллари фаолияти (сайёр хизмат кўрсатиш) йўлга қўйилади;
заргарлик марказларида фаолият юритаётган тадбиркорлар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлганда аъзолик бадалини 50 фоизлик чегирма билан тўлайди.
2026 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:
қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилишга оид имтиёз;
олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим.
2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҚҚСнинг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда республика бюджетидан қайтарилади.
2025 йил 1 сентябрдан:
ЯТТларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади;
Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади;
қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида "Soliq" мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.