
2025 йил 1 мартдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?
Пальма мойи назорати кучайтирилади
2025 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига олиб
кириладиган пальма мойига ҳамда таркибида пальма мойи ва ёғ кислоталарининг
транс изомерлари мавжуд бўлган маҳсулотларга, шу жумладан, сут ва сутни қайта
ишлашдан олинган маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштиришда
мавжуд аккредитацияланган синов лабораторияларида ўрнатилган тартибда пальма
мойи ва унинг фракциялари амалдаги техник регламент ва стандартлар талабларига
асосан мажбурий синовдан ўтказилиши таъминланади.
Белгиланган тартибда озиқ-овқат хомашёси, озиқ-овқат
маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга
оширувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш жараёнида пальма
мойидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари
асосида фойдаланилиши устидан назорат кучайтирилади.
Судда келишувга эришганлар учун давлат божининг бир қисми қайтарилади
2025 йил 1 мартдан бошлаб судда иш юритиш тарафлар келишув
битими тузганлиги сабабли тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга
давлат божини қуйидаги миқдорларда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
биринчи инстанция судида — тўланган давлат божининг 70
фоизи;
апелляция ва кассация тартибида берилган шикоятлар бўйича
судда — тўланган давлат божининг 30 фоизи.
Экспортда кирим ҳужжатлари энди электрон шаклда расмийлаштирилади
2025 йил 1 мартдан бошлаб экспорт қилиш мақсадида қишлоқ
хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан харид қилган корхоналар томонидан
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда солиқ
органлари маълумотлар базасида акс эттирилиши солиқ солиш мақсадларида кирим
ҳужжатларига тенглаштирилади.
Солиқ қўмитаси 2025 йил 1 мартга қадар экспорт қилиш
мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан харид қилган
корхоналар томонидан кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш
имкониятини яратади.
Ногирон болалар учун кундузги парвариш хизмати ишга тушади
2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида
босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд,
Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2025 йил 1 октябрга
қадар республиканинг қолган ҳудудларида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган
болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга
қўйилади.
Бунда ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматига
уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан «Инсон» ижтимоий
хизматлар марказлари ўртасида тузилган ижтимоий шартнома асосида ҳамда
Психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан белгиланган тартибда берилган
хулосага мувофиқ қабул қилинади.
Ногирон болалар парвариши учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар
2025 йил 1 мартдан бошлаб кундузги парвариш хизматига оид
фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг
қуйидаги тартиби жорий этилади:
Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
кундузги парвариш хизматидан фойдаланилган бир кун учун 3
ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир болага базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи
миқдорида ва 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир болага — 27 фоизи миқдорида
субсидия ажратилади. Бунда вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари
учун субсидия миқдори 1,1 кўпайтирувчи коэффициентни қўллаш орқали аниқланади;
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг
ногиронлиги бўлган ҳар бир боласи учун мазкур кичик банднинг иккинчи
хатбошисида белгиланган субсидия умумий миқдорининг 30 фоизи миқдорида қўшимча
маблағ тўлаб берилади;
кундузги парвариш хизмати ташкил этилган жойдан 3 километр
радиусдан ортиқ масофада яшайдиган болаларнинг келиб-кетишлари учун хусусий
шерик томонидан транспорт хизмати йўлга қўйилганда, унга тарбияланувчининг
ҳақиқатда қатнаган кунлари сонидан келиб чиққан ҳолда бир ой учун базавий
ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизигача миқдорда компенсация тўланади;
2027 йил 1 июлга қадар кундузги парвариш хизматини йўлга
қўйган тадбиркорлик субъектларига Марказий банкнинг асосий ставкасида
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида мебель ва жиҳозлар хариди учун
имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бунда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларида
иштирок этаётган банкларга имтиёзли кредит ажратиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат
жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик
пункт паст ставкада 30 миллиард сўмгача миқдорда ресурс ажратилади.
Имтиёзли техникалар GPS билан рўйхатдан ўтказилади
2025 йил 1 мартдан бошлаб амалдаги қонунчиликда белгиланган
имтиёзлардан (субсидия, солиқ ва божхона имтиёзлари ва молиявий ёрдамлар)
фойдаланган ҳолда харид қилинган, шу жумладан, республикада ишлаб чиқарилган ва
импорт қилинган янги тракторлар ва комбайнларни уларга GPS қурилмасини
ўрнатмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.
Давлат кўчмас мулкини ижарага бериш ва сотиб олиш тартиби
соддалаштирилмоқда
2025 йил 1 мартдан бошлаб ҳудуди 10 минг метр квадратдан,
баҳоланган қиймати 5 минг БҲМдан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган
маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини (Тошкент
шаҳри туманлари ва вилоят марказлари бундан мустасно) икки йил ичида янги
лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан:
тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри 10 йил муддатга
ижарага бериш ҳамда давлат мулки учун 4 йил давомида узлуксиз ижара тўловларини
амалга оширган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорга
хусусийлаштириш ёки баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиш;
халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини
олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга
дастлабки биринчи йили ижара тўлови ундирмасдан 5 йил муддатга кейинчалик унинг
муддатини узайтириш шарти билан ижарага бериш;
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги бир ой муддатда маҳаллий ҳокимликларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини тўғридан-тўғри ижарага бериш ва сотиш тартиби ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.