16-Avgust, 2024-yil

Нотўғри чоп этилган чек тадбиркорни сарсон қилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида фаолият юритувчи "Зафар" (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари техник хато туфайли нотўғри чоп этилган чекни тўғрилашда ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

 Маълум бўлишича, жамият кичик тадбиркорлик субъекти бўлиб, стоматология соҳасида фаолият юритади ва ягона солиқ тўловини тўлайди. 2022 йил 24 октябрь куни жамият ходими томонидан назорат-касса техникаси орқали 1 450 035 сўм ўрнига техник хатога йўл қўйиб, 1 450 035 000 сўмлик чек урилган.

 Натижада, ушбу чекдаги сумма жамиятни қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида дастурга киритилишига сабаб бўлган ҳамда қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоботларни тақдим этиш мажбуриятини келтириб чиқарган.

 Бироқ жамият томонидан қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоботлар тақдим этилмагани сабабли, Солиқ кодексининг 111-моддасига асосан жамиятнинг банк ҳисобварағидаги операциялар вақтинча тўхтатилди ва жамият раҳбарига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.

 Хусусан, солиқ бошқармаси томонидан жамият раҳбарига нисбатан 6 та – жами 20 400 000 сўмлик маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 Тадбиркор мавжуд хатони бартараф этиш учун солиқ бошқармасига бир неча бор мурожаат қилган. Аммо бошқарма бу масалани солиқ қўмитаси ҳал қилишини билдириш билан чекланган. Оқибатда тадбиркор икки йил давомида муаммо ечимини излаб сарсон бўлган.

 Бизнес-омбудсман девони ходимларининг аралашуви билан техник хато туфайли нотўғри чоп этилган чек қайта таҳрирланди, жамият қўшилган қиймат солиғи тўловчилар рўйхатидан чиқарилди ва тадбиркорга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималар бекор қилинди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение