Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодекси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. Кодекс лойиҳаси Сенатга юборилади.
Тадбиркорлик кодекси билан амалдаги яхлит 8 та қонун, 2 та янги қонун лойиҳалари ва 20 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирилиб, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб, тугатишгача бўлган барча жараёнлар тартибга солинмоқда.
Хусусан, Кодексда қуйидагилар:
– илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда;
– якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;
– тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда;
– 40 та давлат органининг 157 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари Кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда;
– давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши мумкинлиги белгиланмоқда;
– барча талабларни ўз ичига олган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш назарда тутилмоқда;
– қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланмоқда;
– тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидияларини жорий этишнинг тартиб-таомиллари белгиланмоқда;
– аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги, ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва уларни, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари белгиланмоқда.
Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ ҳолда бўлган қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш хизмат қилади.